Сал аввал, Сирдарё вилояти Оқолтин туманида ”ISUZU” русумли автобусга ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида 6 нафар инсон вафот этиб, 15 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олгани хабар қилинган эди.
Ҳолат юзасидан ”Ўзавтосаноат“ АЖ расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида, ”Ўзавтосаноат“ тизимидаги комплаэнс хизмати ходимлари ҳамда ”Самарқанд автомобиль заводи” масъул ходимлари зудлик билан жойига боришган.
18 август куни 14:30 ларда Сирдарё вилояти Оқолтин туманида жойлашган, ”Нур Транс Газ” МЧЖ газ тўлдириш шохобчаси ҳудудида давлат рақами 90 946 WAA бўлган ”ISUZU САЗ НП21” русумли автобуснинг уст қисмига ўрнатилган газ баллонларидан бири портлаган.
Мазкур автобус дизель ёнилғисида ҳаракатланишга мослашган ҳолда, 2012 йилда ”Самарқанд автомобиль заводи” МЧЖ ҚКда ишлаб чиқарилиб, МЧЖнинг Хоразм вилоятидаги расмий дилери орқали сотилган.
Кейинчалик, автобусни сотиб олган корхона томонидан 2014 йилда 60 литр сиғимли, 6 дона газ балонлар автобус конструкциясига ўзгартириш киритилган ҳолда, автобуснинг уст қисмига ўрнатилган.
Бундан ташқари, ушбу автобус бир йиллик кафолат даврида кафолат талаблари бўйича белгиланган даврий кўрикдан ўтказиш масаласида расмий дилерга мурожаат қилмаган.
Таъкидланишича, кафолатли хизмат кўрсатиш соҳаси сиёсатига кўра, автобус конструкциясига ўзгартириш киритилган ҳолларда, берилган кафолат доирасидан ўз-ўзидан чиқиб кетади.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодекси 262-моддаси (Транспортни таъмирлаш ёки уни фойдаланишга чиқариш қоидаларини бузиш) 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.






