“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони таъсис этиш тўғрисида Президент қарори эълон қилинди.
Ҳужжат билан 2021 йил 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони таъсис этилди.
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш, инновациялар жорий қилиш, солиқларни ўз вақтида тўлаш, маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш, етук мутахассислар тайёрлаш ҳамда бизнесдаги муваффақиятлари ва ижтимоий фаоллиги билан барчага намуна бўлаётган тадбиркорлар тақдирланади.
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, вазирлик, идора ва жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, бунга вакил қилинган бошқа шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади.
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар ҳақида ҳар йили “Йилнинг илғор тадбиркорлари” китоби чоп этиб борилади.






