Бугун Сурхондарё вилояти, Бандихон туманидаги, 4-мактабда инглиз тили фани ўқитувчиси 9-синф ўқувчисини дарс машғулотларига тайёргарлик кўрмасдан келганлиги учун ургани хабар қилинган эди.
Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан Бандихон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланганини маълум қилди.
Халқ таълими вазирлиги ўқитувчининг ўқувчиларга куч ишлатиш ҳолатини кескин қоралади.
Вилоят халқ таълим бошқармасининг ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, мактаб 360 ўқувчи ўрнига эга. Мактабда 361 нафар ўқувчиларга 28 нафар педагог ходимлар таълим-тарбия бериб келмоқда. Мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш 1992 йил 17 августда Бандихон туманида туғилган, уйланмаган. Маълумоти олий, 2019 йил Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетининг Инглиз тили ва адабиёти факультетини тамомлаган, 2019 йилдан Бандихон туманидаги 4-сонли мактабга ишга қабул қилинган.
Ўқитувчи томонидан ўқувчини калтаклаган ҳолати 2022 йил 27 апрель куни содир бўлган бўлиб, 15 май куни ижтимоий тармоқларга чиқарилган.
Инглиз тили ўқитувчиси Ю.Ш 2022 йил 27 апрель куни 9-Б-синф ўқувчиларига дарс машғулотларини ўтган. Дарс давомида 9-Б-синф раҳбари Э.Ж синф хонага кириб келиб, 9-Б-синф ўқувчиларининг ўзаро жанжалини ижтимоий тармоққа ким тарқатганлигини муҳокама қилган. 9-Б-синф ўқувчиси Х.И 9-Б-синф раҳбари Э.Ж ва Инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш га гап қайтаргани учун Ю.Ш жаҳл устида Х.И ни калтаклаган. Ушбу ҳолат 9-Б-синф ўқувчилари томонидан видеотасвирга олинган ва 15 май куни ижтимоий тармоқларга тарқатилган.
Мактабда таълим-тарбия ишларини ҳамда педагог ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва ички меҳнат тартиб қоидаларига амал қилишини етарли равишда назорат қилмаганлиги учун Бандихон тумани 4-мактаб директори Х.Б дан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида бошқарма бошлиғи номига аризаси олинди.
Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари О.С, ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари Н.А ва Инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш ва 9-Б-синф раҳбари Э.Ж билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинди.






