Таиландда чим устида хоккей бўйича Xanchjou-2022 Осиё ўйинлари учун саралаш мусобақа бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси илк бор Осиё ўйинларига йўлланма олди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси Умон, Таиланд, Гонконг ва Қозоғистон вакиллари билан бир гуруҳдан жой олишди. Беллашувларда 1 ғалаба, 2 дуранг ва 1 мағлубият қайд этган вакилларимиз учинчи ўрин билан Осиё ўйинларига йўлланма берувчи поғона учун курашни давом эттирди. Ушбу босқичда терма жамоамизга сингапурлик хоккейчилар рақиблик қилишди. Пенальтилар сериясигача давом этган баҳсда омад ҳамюртларимиз томонда бўлди ва жамоамиз тарихий ғалабага эришди.
Ушбу муваффақият бир қатор мутахассислар эътирофига сазовор бўлди. Жумладан, Осиё хоккей федерациясининг Ижрочи директори Тайяб Икрам Ўзбекистон чим устида хоккей федерациясини қўлга киритилган ғалаба билан қутлаб, расмий табрик йўллади.
Регламентга кўра, Осиё ўйинларида қитъамизнинг энг кучли 12 жамоасигина иштирок эта олади. Аввалги мусобақада (Индонезияда) кучли бешликка кирган термалар (Ҳиндистон, Япония, Малайзия, Покистон ва Жанубий Корея) ҳамда мезбон Хитой тўғридан тўғри асосий стартга йўлланма олган бўлса, яна олти жамоа номи ушбу турнирда маълум бўлди.
Гуруҳ босқичи:
1-тур: Ўзбекистон – Гонконг 4:2
2-тур: Ўзбекистон – Таиланд 1:1
3-тур: Ўзбекистон – Қозоғистон 3:3
4-тур: Ўзбекистон – Умон 3:6
Осиё ўйинлари йўлланмаси учун плей-офф:
Ўзбекистон – Сингапур 2:2 (пен. бўйича 4:2)
Таиланддаги мусобақа орқали Xanchjou-2022 Осиё ўйинларига йўл олган жамоалар: Бангладеш, Индонезия, Умон, Шри-Ланка, Таиланд ва Ўзбекистон.






