АсосийJamiyat

"Икки қизим бетоб бўлиб қолди, бедана тухуми истеъмол қилишни тавсия қилишди..." Фарғоналик инженер-технолог республикага бедана етказиб берувчи тадбиркорга айланди

'"Икки қизим бетоб бўлиб қолди, бедана тухуми истеъмол қилишни тавсия қилишди..." Фарғоналик инженер-технолог республикага бедана етказиб берувчи тадбиркорга айланди'ning rasmi

Фарғона шаҳар “Сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Абдумухтор Мараимов ўз хонадонида 5 минг бошдан ортиқ бедана парваришламоқда. Бир кунда 3 минг донадан ортиқ тухум олиниб, бир дона бедана тухуми ўртача 450 сўмдан улгуржи нархда харидорларга етказиб бермоқда. Бу ҳақда Фарғона вилоят Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эътиборлиси, бедана боқиш ва кўпайтириш даромадли соҳа бўлиб, бедана тез ривожланади ва касалликларга бардошли. Гўшти ва тухумининг шифобахш хусусиятлари сабаб уларга талаб ҳамиша юқори.

– Икки қизим бетоб бўлиб қолди, шифокорларга мурожаат қилдик, самараси кутилганидек бўлмади. Бедана тухуми истеъмол қилишни тавсия қилишди. У пайтда бу соҳа у қадар ривожланмагани боис маҳсулотни топиш қийинчилик туғдирди. Шу сабаб бўлиб, уй шароитида бедана боқиш ғояси туғилди. Қушларни парваришлаш, маҳсулот етиштириш билан боғлиқ маълумотларга таяниб ишни ташкил қилдим. Самараси яхши бўлди. Фарзандларимнинг саломатлиги яхшиланди. Эҳтиёждан ортиқ маҳсулотларни сотишни йўлга қўйиб, беданачиликни оилавий бизнесга айлантирдик. Шинам уй-жой, тўкин дастурхон ана шу изланишларимиз самараси, – дейди асл касби инженер-технолог бўлган тадбиркор.

Бу қушларни парваришлаш учун алоҳида билим ва қунт талаб этилади. Масалан, хоналар ҳарорати 20-25 даражада бўлиши лозим. Битта бедана модаси бир йилда 320-340 тагача тухум беради.

Абдумухтор Мараимов ҳозирда ўз ғояси асосида инкубация, қуш уяларини яратди. Бу ерда 17 кунда 10 минг 600 дона қуш полапонлари олиш имконияти бор. Беданаларни буюртмачи талаблари асосида республика бўйлаб етказиб бериш йўлга қўйилди.

    Бошқа янгиликлар