Йиғилиш аввалида давлат раҳбари саҳада амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида хабар берди. Беш йиллик Тараққиёт стратегиясида экспортни 30 миллиард долларга, хорижий туристлар сонини 7 миллионга етказиш белгилаб олинган.
Бу ҳақда Давлат раҳбари ҳузурида 2022 йилда божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда таъкидланган.
“Бу катта марралар. Бунинг учун, божхона тизими пастдан бошлаб, энг юқори бўғингача ўзгариши керак.
Топшириғимга кўра, қўмитанинг янги раиси бевосита постларда ходимлар, аҳоли ва тадбиркорлар билан юзма-юз гаплашиб, ҳар бир масалани ичига кириб ўрганди.
Вилоят ҳокимлари бир нарсани аниқ тушуниши керак. Божхона постлари давлатимиз юзи, биринчи таассурот ҳам айнан божхонадан бошланади.
Божхона постига қараб, ҳар бир ҳокимнинг маданиятига баҳо берилади. Улар атрофида равон йўллар, экилган манзарали дарахт ва гуллар, аҳоли учун қулай шароитлар бўлиши шарт”, деган давлатимиз раҳбари.






