АсосийJamiyat

Тошкентда Isuzu автобуси ва 3 та автомобиль иштирокида ЙТҲ юз берди(Фото)

Кеча, 24 май куни Тошкент шаҳридаги Бобур ва Шота Руставелли кўчалари кесишган чорраҳа(Театральная)да Чорсу-Сергели йўналишида қатновчи 126- сонли автобус ва 3 та автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Facebook`нинг “Водители Ташкента” гуруҳида фотохабар қолдирилди. 

Суратларда автобуснинг йўл четида қолдириб кетилган Nexia ва Captiva автомобилларига жиддий зараз етказганини кўриш мумкин. Ҳодиса гувоҳларининг айтишича, автобус 3 та автомобилни уриб юборган. Аммо, яна бир зарарланган автомобиль эса суратларда кўринмаган.

Гувоҳларнинг айтишича, Matiz автомобили автобуснинг йўлига чиқиб кетган. Бунинг оқибатида эса автобус ҳайдовчиси рулни ўнг томонга буриб, йўл четида турган автомобилларни уриб юборган. Зарб натижасида Nexia автомобили ариққа тушиб кетган, Captiva`нинг эса орқа томони мажағланган.

Аксарият интернет фойдаланувчилари бу вазиятда автобус ҳайдовчисининг тезликни ошириши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси келиб чиққанини тахмин қилмоқда. Бироқ, автобуснинг йўлига чиқиб кетган Matiz автомобилини қораловчилар ҳам топилмоқда. 

“Яна ўша Matiz. Шаҳарда содир бўлаётган ЙТҲларнинг ҳаммасида албатта мана шу автомобиль иштирок этади. Matiz ҳайдовчилари йўл четидан одам олиш истагида бошқаларнинг йўлига чиқиб кетаверади”,—деб ёзди фойдаланувчилардан бири. 

ЙТҲ оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Автобус йўловчиларидан бирининг айтишича, ҳеч кимга зарар етмаган бўлса-да, ҳамма қаттиқ қўрқиб кетган.

Йўл-транспорт ҳодисаси кенг муҳокама қилинаётган постга Isuzu ҳайдовчисининг қўшниси ҳам қўшилди. 

“Автобус ҳайдовчиси менинг қўшним. Ҳали бирор марта ҳам йўл қоидаларини бузмаган”,—деб ёзди ўзини ҳайдовчининг қўшнисиман, деб таништирган фойдаланувчи.

 

Бошқа янгиликлар