Бу бўйича мамлакат билан махсус шартнома имзоланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги(JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сугуру Миядзаки билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди, дея маълум қилади ССВ матбуот котиби.
Қайд этилишича, яқинда Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди.
Таъкидланишича, яқин кунларда мамлакат билан яна бир лойиҳа ишга тушади.
"Бу “Ривожланишга расмий ёрдам” дастури доирасида JICAнинг молиявий кўмагида амалга оширилиши кўзда тутилган, умумий қиймати 7 млн. АҚШ долларига тенг “Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасига тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш” лойиҳасидир",-дея маълум қилинади.
Таъкидланишича, у мультиспираль компьютер томографияси, мобиль клиника, С-arm рентген аппарати, универсал хирургик микроскоп, отоларингологлар учун микроскопли иш столи, терапия, реанимация, неонатология, травматология, хирургия каби қатор йўналишларда фаолият кўрсатувчи тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратларини янада оширишда зарур бўладиган симуляцион асбоб ускуналар каби 29 турдаги энг замонавий тиббий технологияларни ўз ичига олади.
Учрашувда мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасида Алмашинув нотаси, JICA билан Грант битими, шунингдек, Япониянинг “Grown Agents” компанияси билан Ўзбекистонга тиббий техника ва жиҳозларни етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга туширишга доир шартнома имзолангани айтилади.






