Кеча, 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Бухоро вилояти ишбилармон доиралари билан режадан ташқари учрашди.
Мазкур учрашув Бухоро шаҳар аэропортида бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик.
Қайд этилишича, учрашувга Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов ва Бош прокуратура раҳбарияти ҳам таклиф этилган.
Хусусан, вилоятда ишбилармонлик муҳитини шакллантириш омиллари, инфратузилмани ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ҳамда инвестицияларни жалб этиш учун саноатнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилган.
"Тадбиркорлар билан бўлиб ўтган тўғридан-тўғри мулоқот вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги вазиятни бизнес нуқтаи назаридан ўрганиш ҳамда муайян ҳолатлар асосида вилоятда хусусий секторни, инвестициявий ва экспорт фаолиятини ривожлантиришга таъсир кўрсатадиган тизимли муаммоларни кўриб чиқиш имконини берди.
Шунингдек, учрашув иштирокчилари хусусий характердаги саволларни кўтариб, лойиҳаларни амалга ошириш ва экспорт операцияларини амалга ошириш жараёнида дуч келаётган муаммолар ҳақида сўзлаб бердилар. Жумладан, лойиҳаларни молиялаштириш, айрим соҳаларда тадбиркорлар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш, истиқболли бозорларга чиқиш ҳамда газ ва электр таъминотига бўлган эҳтиёж билан боғлиқ масалалар кўтарилди.",-дейилади хабарда.
Тилга олинган масалаларни ҳал қилиш алгоритмлари бевосита йиғилиш давомида ишлаб чиқилган ва масъул раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилган.






