Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни ёшлар, спорт, соғлиқни сақлаш, электр энергияси соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар берди.
Маълум қилинишича, тақдимотда электр энергияси қувватларини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинган.
Хабарингиз бор, шу йил 25 январь куни Ўзбекистон электр таъминотида техник узилиш содир бўлди. Бу барча электр станцияларга таъсир қилиб, фавқулодда вазият юзага келди.
Қайд этилишича, бунга бир қанча сабаблар бор.
Жумладан, ягона энергетика тизими 220-500 киловольтли магистрал электр тармоқлар орқали тўлиқ ҳалқалаштирилмаган. Шимоли-Ғарбий ва Жануби-Ғарбий энергоузелнинг асосий қисмида 500 киловольтли тармоқлар йўқ. Баъзи магистрал тармоқлар қўшни давлатлар ҳудуди орқали ўтган.
Шу боис, Ўзбекистонда 500-750 киловольтли тармоқларни қуриш орқали ягона ҳалқа тизимини ҳосил қилиш режалаштирилаётгани айтилмоқда. Хусусан, 2026 йилга бориб, жами генерация қувватларини 27 минг 400 мегаваттга, йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 110 миллиард киловатт соатга етказиш мўлжаллангани хабар қилинди.
Шунда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари 500-750 киловольтли тармоқлар орқали мустаҳкам боғланади ва бир бутун тизим яратилиши таъкидланади.
Президент электр энергияси тизимини ислоҳ қилиш, қўшни давлатлар билан соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш зарурлигини қайд этган.
Электр энергияси қувватларини ошириш ҳамда уни етказиб беришни автоматлаштириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берилган.






