АсосийSport

Журналистлар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди

'Журналистлар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди'ning rasmi

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан шахмат бўйича мамлакат чемпионати ўтказилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди.

Мазкур қарор юртимизда шахматни янада ривожлантириш борасида янги даврни бошлаб берди. Ўзбекистонда шахмата қаратилаётган юксак эътибор юртимиз ёш ақл-идрок соҳибларини янада руҳлантирди ва бунга жавобан улар энг нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Бунга яқинда Полшада ўтказилган ФИДЕ жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторовнинг рапид йўналишида чемпионликни қўлга киритганлигини мисол келтириш мумкин.

Халқаро шахмат академияси мезбонлик қилган мусобақада даставвал уюшманинг Тошкент шаҳар бўлими биринчилиги ташкил этилди. Қарийб 40 нафар журналист ва ижодкорлар ғолиблик учун дона суришган мусобақа ўзининг шиддати билан ажралиб турди. Деярли ҳеч бир ўйинда томонлар муросага келишмади. Бу эса мусобақа нақадар муросасиз кечганидан дарак беради.

Ҳаяжонли лаҳзаларга бой кечган мусобақа якунларига кўра, эркаклар ўртасида 1-ўрин фахрий журналист ва ижодкор Асрор Мўминга насиб этди. У 7 имкониятдан 100 фоизлик натижа қайд этди. Бирйўла 5 нафар иштирокчи эса 5 очкодан жамғаришди. Қўшимча коеффициентларга кўра Носиржон Тошматов иккинчи, Нодир Яхшиев эса учинчи бўлди. Шунингдек, таниқли фотомухбир Рашид Галиев ҳамда устоз журналист Акбар Нурматовлар кучли бешликдан жой олишди ва Республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда Ёқутхон Эркабоева 100 фоизлик натижа қайд этди. Дилобар Маматова ҳамда Гуляра Уринбоевалар кучли учликдан жой олишди.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Эркаклар ўртасидаги баҳсларда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимиздан шахматга ихлосманд ОАВ ходимлари иштирок этди. Муросасиз кечган баҳслар якунида ғолиблик Сирдарё вилоятидан келган Отабек Хайлаевга насиб этди. У 7 имкониятдан 6,5 очко жамғарди. Бухоролик Рустам Ибрагимов 6 очко билан 2-ўринни қўлга киритган бўлса, Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қилган Даврон Ғуломов 3-ўринга муносиб кўрилди.

Аёллар ўртасидаги мусобақаларда бу сафар ҳам тошкентлик Ёқутхон Эркабоевага муносиб рақиб топилмади. У 7 имкониятдан 7 очко жамғарди. Сурхондарёлик Диноро Хурсандова иккинчи, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ходимаси Дилобар Маматова эса учинчи бўлди. Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ҳамда фаол иштирокчилар эсталик совғалари билан тақдирланишди.

Мусобақа якунига кўра кучли учликдан жой олган иштирокчилар келгуси ойда Тошкент шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилаётган журналистлар ўртасида биринчи Марказий Осиё чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

    Бошқа янгиликлар