Хабарингиз бор, кеча, 26 январь куни соат 10:57 да Марказий Осиё ягона электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида мамлакатимиз ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келди.
Айни дақиқаларга келиб, Ўзбекистонда электр билан таъминлаш 70 фоиз амалга оширилди. Бироқ, эндиликда мавжуд етказиб беришдаги муаммолар сабаб Республика бўйлаб газ таъминотида узилиш ва камайишлар юзага келмоқда.
Кечадан бери ижтимоий тармоқларда мазкур масала бош мавзуга айланди: муҳокамалар қизғин давом эмоқда, муносабатлар билдирилмоқда.
Жумаладан "Миллий тикланиш" демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ҳолат юзасидан ўз фикрларини айтиб ўтди.
"Мамлакатда аввал ҳеч бўлмаган трансчегаравий техноген авария оқибатида юзага келган 10 соатлик энергия таъминотдаги узилишни бартараф этишда Давлат раҳбаридан бошлаб барча масъул вазирлик ва идоралар фидойилик қилишди.
Халқимиз ҳам вазиятдан манфаат излайдиган турли ғаламис провокацияларни совуққонлик билан рад этди. Бу мамлакат фавқулодда ҳолатлар бўйича стресс-тестдан ўтганини кўрсатади.
Шу билан бирга Ҳукумат комиссияси бундай ҳолат такрорланмаслиги учун айбдорларни аниқлашига ва жиддий жазолашига ишонамиз", — дея изоҳ қолдирган ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида.






