Бугун бўлиб ўтган халқ депутатлари Бағдод туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Юсуфжон Хусаинов Бағдод тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, сессия ишида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди ва нутқ сўзлади.
"Ҳокимлик оғир иш, тумандаги иқтисодиётдан тортиб, ижтимоий соҳасига жавоб бериш керак. Бағдодда Восилжон Назаров ҳаракатчанлиги, топшириқларни тушуниб ишлагани эътирофга лойиқ",- деган вилоят ҳокими.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан тақдим этилган Юсуфжон Хусаинов номзоди Бағдод туман Кенгаши депутатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва Юсуфжон Хусаинов Бағдод тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
Маълумот учун: Юсуфжон Хусаинов 1983 йилда Тошлоқ туманида туғилган. 2004 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2005 йилдан иқтисодиёт тизимида меҳнат қилиб келади. 2020 йилдан буён вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келаётганди.
2021 йилдан бери туман ҳокими вазифасида ишлаб келган Восилжон Назаров бошқа лавозимга тайинлангани муносабати билан лавозимидан озод этилди.






