АсосийJamiyat

Президент қурилиш муддатини 30 фоизга, таннархни эса 20 фоизга камайтириш таклифини берди

'Президент қурилиш муддатини 30 фоизга, таннархни эса 20 фоизга камайтириш таклифини берди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Аҳоли маблағларини қурилишга жалб қилишни рағбатлантириш бўйича янги “мақсадли ипотека омонати” механизми жорий этилади. Бунда:

1) “харидор – банк – қурувчи” ўртасида уч томонлама шартнома тузилади;

2) уй-жой харид қилмоқчи бўлган фуқаро банкда омонат очиб, уни тўлдириб боради;

3) бадал суммаси шаклланганда, унга ипотека кредити расмийлаштирилади;

4) тижорат банки омонат маблағларини қурувчи ташкилотга кредит сифатида ажратади.

Яъни, харидор банк орқали қурувчини молиялаштиради, банк эса уйни харидорга вақтида топширилишига кафил бўлади.

Шунингдек:

пудратчиларга қурилиши тугалланмаган, том қисми ёпилган кўп квартирали уй-жойларни кредит таъминоти сифатида гаровга қўйишга рухсат этилади;

тадбиркорлик жамғармаси томонидан қурилиш ташкилотларига кафиллик ва компенсация тўлаш муддати узайтирилади. Бунда, кафиллик ва компенсациялар қурилаётган кўп қаватли уй-жойдаги камида 70 фоиз хонадонлар майдони 70 квадрат метрдан ошмаган тақдирда берилади;

уй-жойлар қуриш учун рейтингда юқори ўринларда бўлган пудратчи ташкилотларга ерни аукциондан сотиб олиш тўловини аввал 30 фоизини, қолган суммани эса 12 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Президент замонавий материалларни ишлатиш ҳисобига, қурилиш муддатини 30 фоизга, таннархни эса 20 фоизга камайтириш таклифини ҳам берди. “Мисол учун Оҳангарон туманида автоклав газоблок ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Газоблок вазни ғиштдан 3-4 баравар енгил, деворни қуриш ва пардозлаш харажатлари 25 фоизгача арзон ҳамда 2 баравар тез қурилади, 30 фоизгача энергия тежамкор. Лекин, мамлакатимиздаги қурилишларда замонавий қурилиш материалларини ишлатиш 25 фоизга ҳам етмайди. Келгуси йилда қурилаётган лойиҳаларнинг камида 50 фоизида замонавий маҳсулотлар ишлатилиши шарт”, деди давлат раҳбари.

 

                 Сардорбек Раҳмонқулов

    Бошқа янгиликлар