АсосийJamiyat

2026 йилга бориб электр энергияси истеъмоли 2021 йилда кутилаётган 7 300 млн. кВт. соатдан 6 900 млн. кВт. соатга туширилади

'2026 йилга бориб электр энергияси истеъмоли 2021 йилда кутилаётган 7 300 млн. кВт. соатдан 6 900 млн. кВт. соатга туширилади'ning rasmi

 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар изчил суръатларда олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган Концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021–2023 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланди. Куни кеча мамлакатимиз Президенти “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади.

Қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида соҳада сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, давлат-хусусий шериклик ва сув хўжалиги объектларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Кейинги беш йилда жами 891,4 минг гектар, жумладан, 290,3 минг гектарда томчилатиб, 13,5 минг гектарда ёмғирлатиб, 10,6 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари ва 299,3 минг гектарда эгилувчан қувурлар, 91,9 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш технологиялари жорий қилинди. Шу билан бирга, 185,8 минг гектар майдонлар лазер ускунали текислагичлар билан текисланди. Шундан, 2021 йилнинг ўзида 490,1 минг гектарда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишга эришилди. Сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган аксарият майдонларда 35–40 фоизгача сув ресурслари иқтисод қилинди.

Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилишга республика бюджетидан ажратилган 5 755,7 млрд. сўм маблағлар ҳисобига 2 782,6 км каналлар, 554,6 км лоток тармоқлари, умумий сув чиқариш қобилияти 62,8 м³/сек бўлган насос станциялар, 546 та тик суғориш қудуқлари, 5 148,0 км коллектор-дренаж тармоқлари, 379 та вертикал дренаж қудуқлари ва бошқа сув хўжалиги объектлари қурилди. Натижада ирригация-мелиорация  тизими тармоқларининг техник ҳолати, 1,43 млн. гектар суғориладиган ва 1,22 млн. гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Шунингдек, сув хўжалиги объектларини модернизация қилишга хорижий инвестициялар жалб қилинишига эришилди ва 6 та лойиҳа доирасида жами 521,5 млн. АҚШ доллар кредит ўзлаштирилди. Бунда лойиҳалар ҳудудида 373,9 минг гектар суғориладиган майдонларнинг сув таъминоти яхшиланишига эришилди.

Соҳада замонавий-ахборот коммуникация технологияларида кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Жумладан, сув хўжалиги объектларида 4 966 та замонавий рақамли технологиялар, жумладан, 2 908 та “Ақлли сув”, 1 727 та мелиоратив кузатув қудуқларида ер ости сизот сувлари кўрсаткичларини ва 306 та насос станцияларида сув миқдорини онлайн мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди ва 25 та йирик объектлар автоматлаштирилди.

Натижада, сув ресурсларини бошқариш, сувнинг ҳисобини онлайн юритиш имконияти яратилиб, маълумотларни жамлаш, қайта ишлаш ва мониторинг қилиш имконини берувчи 5 та модулдан иборат “Вазиятлар маркази” ахборот тизими ишга туширилди.

2020 йилдан бошлаб сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш тизимининг жорий этилиши йўлга қўйилди. 2020–2021 йилларда сув хўжалиги тизимидаги 67 та насос станция, 43 та қудуқ, 214,1 км ирригация ва 512,7 км коллектор тармоқлари бошқарувини хусусий шерикка бериш юзасидан умумий қиймати 1 162,3 млрд. сўм бўлган 96 та давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланди.

Ушбу лойиҳалар доирасида хусусий шериклар томонидан дастлабки 3 йилда 123,3 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритилиши ҳисобига объектлар модернизация қилинади ва 141,0 млрд. сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилади.

2021 йилда сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирлари ҳисобига 7,5 млрд. м³ сув тежалишига эришилди.

Концепция ва стратегия билан соҳа олдига улкан мақсадлар қўйилган. Хусусан, 2022–2026 йилларда хорижий инвестициялар иштирокидаги 8 та лойиҳа доирасида 1 023,3 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит ўзлаштирилади, 363 км каналлар, 1366 та гидротехника иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Натижада, лойиҳалар ҳудудида 1,2 млн. гектар суғориладиган майдонларнинг сув таъминоти яхшиланади, каналларнинг фойдали иш коэффициенти 15 фоизга (0,65 дан 0,80 гача) ошади, насос станцияларда йилига ўртача 100 млрд. сўм эксплуатация ва электр энергия харажатлари учун бюджет маблағи иқтисод қилинади.

Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича Янги Ўзбекистон стратегияси лойиҳаси доирасида 2022–2026 йилларда республика бўйича 1,5 млн. гектар майдонда, шундан 1,3 млн. гектар майдонда томчилатиб ва 200 минг гектар майдонда бошқа замонавий сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилиниб, суғориладиган майдонларнинг 34,8 фоизи қамраб олинади.

2017-2021 йилларда ўз муддатини ўтаган 741 та насос ва 1141 та электродвигатель энерго тежамкорига алмаштирилди, электр энергия истеъмоли 2017 йилда 8,34 млрд.кВт.соат, 2018 йилда 7,99 млрд.кВт.соат, 2019 йилда 7,41 млрд.кВт.соат, 2020 йилда 7,2 млрд.кВт.соатни ташкил этиб, истеъмол 2017 йилга нисбатан 1,1 млрд.кВт.соатга туширилишига эришилди.

Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш, энергия тежамкор қурилмаларни ўрнатиш ва электр энергиясидан самарали фойдаланиш, шунингдек, рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 2026 йилга бориб электр энергияси истеъмоли 2021 йилда кутилаётган 7 300 млн. кВт. соатдан 6 900 млн. кВт. соатга туширилади.

    Бошқа янгиликлар