АсосийJamiyat

Бугунги кунда жойлашган жойи ёки нархи аҳолига номақбул бўлган 255 миллиард сўмлик қурилган хонадон сотилмасдан турибди — Шавкат Мирзиёев

'Бугунги кунда жойлашган жойи ёки нархи аҳолига номақбул бўлган 255 миллиард сўмлик қурилган хонадон сотилмасдан турибди — Шавкат Мирзиёев'ning rasmi

Айни пайтда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ипотекани кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш масалаларига қаратилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон массивлари”даги уй-жойлар таннархини камайтириш, аҳолига уй-жойлар учун субсидия ажратиш масалалари муҳокама қилиннмоқда, дея хабар берди “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.

Таъкидланишича, бундан икки йил олдин ипотека тизимини тубдан ислоҳ қилиш натижасида аҳолига ўзлари истаган уй-жойни сотиб олиш имконияти яратилган. Авваллари, аҳоли саноқли қурувчи қурган бир хил намунадаги уй-жойлардан олишга мажбур бўлган.

“Натижада, соҳага сифат ва рақобат кириб келди, ҳудудларда замонавий архитектура ечимларига эга лойиҳалар пайдо бўлди. Шу орқали, ипотека дастурлари доирасида йилига 35 минг хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Бу олдинги йилларга нисбатан 2 баравар кўп, дегани”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шундай бўлсада, янги тизимда ҳали ўз ечимини топмаган кўплаб масалалар мавжуд. Масалан:

-  ипотека бозорида қурилаётган уй-жойлар сони талабга нисбатан анча кам (Хусусан, Хонқа туманида 5 мингта янги уй-жойга талаб бўлсада, келгуси йилда атиги 464 та (талабнинг 9 фоизи) уйлар қуриш режа қилинган);

-  бугунги кунда жойлашган жойи ёки нархи аҳолига номақбул бўлгани учун, қиймати 255 миллиард сўмлик 950 та қурилган хонадон сотилмасдан турибди. (Сурхондарёда – 292 та, Сирдарёда – 189 та, Қорақалпоғистонда – 174 та, Фарғонада – 167 та);

-  ипотека учун бюджетдан ажратилган 1,1 триллион сўм субсидиялардан, 220 миллиард сўм (20 фоиз) ишлатилган;

-  Республика бўйича 36 мингдан зиёд ижобий хулосаси бор оилаларга 900 миллиард сўмдан зиёд субсидиялар тўланмай турибди.

Бунинг сабаби, аҳоли томонидан талаб юқори бўлган ўрта меъёрдаги уйлар бўйича қурувчилар бозорга етарли таклиф чиқармаган.

Мисол учун, Самарқанд вилоятида ҳокимият ташаббус қилиб, лойиҳачи, қурувчи ва банкни “бошини бирлаштириб”, ҳамёнбоп уйларни қуришни ташкил этган. Бу орқали, субсидиядан фойдаланиш ва кредитларни ўзлаштиришнинг энг юқори кўрсаткичи Самарқандда (кредит – 85 фоиз, субсидия – 60 фоиз).

Йиғилиш давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар