Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси билан ҳамкорликда Ўзбек тили байрами куни ва Ўзбекистон давлат байроғи куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Ушбу тадбир Истанбул тижорат университетида бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Таъкидланишича, тадбирда 250 га яқин иштирокчи, жумладан, Истанбул тижорат университети ректори Южер Уғурлу, Туркиянинг энг йирик хусусий медиа-марказлардан бири бўлган ДҲА ахборот агентлиги бош мудири Желал Коркут, Туркия хорижий талабалар бирлашмаси координатори Эмре Оруч, нуфузли олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, турк кино юлдузлари ва бир қанча университетлар талабалари қатнашган.
Анжуманни Южер Уғурлу ўзбек тилида табрик нутқи билан очиб, тилнинг инсоният ривожланишидаги ўрни, ўзбек тилининг бойлиги ва гўзаллиги ҳақида сўз юритди, дея қайд этади агентлик
Шу билан бирга Туркия хорижий талабалар бирлашмаси координатори Эмре Оруч йиғилганларни қўшалоқ байрам билан табриклаб, ўзбек тили ва маданиятининг минтақада ўзига хос ўринга эгалигини билдирган.
Тадбир сўнгида маданий дастур тақдим қилинди ҳамда байрамона дастурхон ёзилиб, ўзбек миллий таомлари тортиқ этилган.






