АҚШ Президенти Барак Обама бугун 18 декабрь куни Рождество таътилини ўтказиш учун Гавайи оролларига жўнаб кетади. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар бермоқда.
“18 декабрь куни Президент оиласи билан Гонолулуга жўнаб кетади. Байрам кунлари давлат раҳбарининг кун тартибида оммавий тадбирларда иштирок этиш режалаштирилмаган. У ўз оиласи билан ижарага олинган шаҳар ташқарисидаги уйга 19 декабрь куни тонгда етиб боради” — дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, АҚШ Президенти бугун Оқ уйда анъанавий йиллик матбуот анжуманини ўтказади. Шундан сўнг у Сан-Бернардино шаҳрига ташриф буюради ва 2 декабрда юз берган терактларда ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари билан учрашади.
АҚШ Президенти Рождество таътилини 2008 йилдан бошлаб ўзи туғилиб ўсган Гонолулу шаҳрида ўтказади. Давлат раҳбари таътил мобайнида гольф ўйнайди, дайвинг билан шуғулланади, оилавий сайрга чиқади ва болаликдаги дўстлари билан учрашади.
Ўтган йили байрам арафасида Барак Обама оила аъзолари учун байрам совғаси танлашга қийналиши ҳақида гапириб берган эди. Унинг рафиқаси Мишель Обама Президентнинг совғаларидан мамнун бўлиши, шу билан бирга у совға қилган кийимни ҳеч қачон киймаслигини ҳам айтиб ўтган эди. Қизларига совға танлашда давлат раҳбари унчалик қийналмаслини билдириб, Малия-кинога, Саша эса китобларга қизиқишини билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, Барак Обама Гонолулу шаҳрида туғилиб ўсган. Олти ёшлигида ота-онаси билан Индонезияга кўчиб кетади, 1971 йилда эса у яна Гавайи оролларига келади ва ўқиши тугагунга қадар бобоси ва бувиси билан бирга яшайди.





