АсосийSport

Дзюдо. Терма жамоамиз Гран-При турнирида кучли учликдан жой олди

Туркиянинг Самсун шаҳрида дзюдо кураши бўйича ўтказилган Гран-При туркумига кирувчи йирик мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 67 давлат вакиллари орасида учинчи ўринни эгаллашди. Терма жамоамиз ҳисобига олтин медалларни Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг) ва Ришод Собиров (-66 кг) келтиришган бўлса, вазни 90 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида иштирок этган Шерали Жўраев бронза медали совриндори бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.

Шарофиддин Лутфуллаев саралаш баҳсларида Чехия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия терма жамоалари вакиллари мағлуб этиб, ярим финалда россиялик Роберт Мшвидовадзени, ҳал қилувчи финал беллашувида эса яна бир озарбайжонлик полвон Орхан Сафаровни енгди. 

Икки карра олимпиада ўйинлари совриндори Ришод Собиров эса саралаш баҳсларида Қозоғистон, Бельгия, Россия, Грузия полвонларини енгиб, ярим финалда Португалия, финалда эса Мўғилистон терма жамоаси аъзоларини енгишга муваффақ бўлди.

Мазкур Гран-При турнирида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналди. 

    Бошқа янгиликлар