Ҳақиқий исми Кира Кристина Найтли бўлган Голливуднинг энг жозибали актрисаларидан бири бўлмиш қаҳрамонимиз 1985 йилнинг 26 март санасида Лондоннинг Теддингтон шаҳрида дунёга келган. Бугун у 30 ёшни қарши олди.
Унинг дунёга келиши ҳам антиқа бўлган. Гап шундаки, Киранинг ота-онаси Уилл Найтли ва Шерман Макдональдлар ўзаро гаров ўйнашади. Ўша вақтларда унинг онаси актрисалик фаолиятини тўхтатиб драматургия билан шуғулланаётганди. У ўзи ёзган илк китобни сота олса, оилада яна бир фарзанднинг дунёга келишига турмуш ўртоғига сўз беради. Бу вақтга келиб уларнинг 1979 йили туғилган Калеб исмли ўғиллари бор эди. Орадан бир муддат ўтиб, Киранинг онаси гаровда ютиб чиқади ва уларнинг қизалоқлари шу тарзда дунёга келади. Аслида қизалоқнинг исми фигурали учиш бўйича халқаро спорт устаси Кира Иванова шарафига Кира деб қўйилганди. Бироқ кейинчалик аниқланишича, қизалоқнинг хужжатдаги исми хатога кўра Kira эмас Keira деб ёзилган экан.
Кира туғма дислексия касаллиги билан туғилган. Бу ўқиш ва ёзишда қийинчиликларга дуч келиш билан боғлиқ касаллик бўлишига қарамай, Кира уни енгишга бехато ўқиш ва чиройли ёзишга, умуман аълочи бўлишга ҳаракат қиларди ва бунинг уддасидан чиқарди. Чунки 3 ёшидаёқ ота-онасидан унга кинода суратга тушиши учун агент ёллашларини сўрарди. Катталар эса ўз ўрнида унга аъло баҳоларга ўқиса, унинг истаги амалга ошишини айтишарди.
Кира 6 ёшга тўлганида унга ота-онаси томонидан шахсий агент бириктирилди ва 7 ёшида у илк бор “Royal Celebration” фильмида кичик қизалоқнинг ролини ижро этди.
11 ёшида эса у сериаллар ва турли кўрсатувларда иштирок эта оладиган ёш актриса сифатида танилганди. 1994 йили “Қишлоқ иши”, 1995 йили “Айбсиз ёлғон”, 1996 йили “Ҳазина изловчилар”, 1998 йили “Уйга қайтиш” каби қатор фильмлардаги ролларни ижро этган.
Айтиш керакки, Киранинг машхур бўлиб кетишига унинг актриса Натали Портманга ўхшаши ҳам катта ёрдам берган. Гримм вақтида уларни бир-биридан ажратиш жуда мушкул эди.
Кира Найтлининг Голливуддаги муваффақияти 1999 йили суратга олинган “Оливер Твист” сериали, “Доктор Живаго”, “Чуқур” фильмларидаги ролларидан сўнг келган, десак муболаға бўлмайди.
2002 йили Кира коллежга ўқишга кирди. Гарчи ўқишни якунлашини оммага маълум қилган бўлса-да, у коллежни ташлаб кетди.
2003 йили Кира Найтли “Кариб денгизи қароқчилари” фильмида Жонни Депп ва орландо Блумлар билан роль ижро этди. “Ҳақиқий севги”, “Домино” каби ўнлаб фильмлардаги роллари уни Голливуднинг олип чўққисига олиб чиқди.
2013 йилнинг 4 май санасида қўшиқчи Жеймс Райтан ва Кира Найтли турмуш қуришди.
2014 йилнинг 11 декабр санасида эса чет оэл оммавий ахборот воситалари Киранинг ҳомиладор экани ҳақидаги хабарни тарқатишди.
Айни дамда Кира ҳақиқатдан ҳам ҳомиладор ва улар турмуш ўртоғи Жеймс билан илк фарзандларининг дунёга келишини интизорлик билан кутишмоқда.





