Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида бокс бўйича Литванинг биринчи олимпия чемпиони Дан Позняк хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнир ўтказилди. Ўнинчи бор ташкил этилган мазкур мусобақада Литва, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Франция, Голландия, Греция, Италия, Польша, Чехия, Грузия, Беларусь, Эстония, Украина, ва Латвия давлатларидан ёш чарм қўлқоп усталари ғолиблик учун баҳс юритдилар, дея хабар беради Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Эътиборлиси, ушбу халқаро турнирда иштирок этган беш нафар боксчимиздан тўрттаси совриндорлар сафидан ўрин эгаллашди ва Марат Қурбонов бошчилигидаги ёшлар терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни банд этди.
Терма жамоамиз ҳисобига олтин медалларни Бобирмирзо Толипов (-60 кг), Иқболжон Холдоров (-64 кг) ва Обиджон Тоҳиров (-91 кг) келтиришди. Финалга қадар кечган жангларни мағлубиятсиз ўтказган яна бир истеъдодли боксчимиз Козимбек Мардонов (-75 кг) эса кумуш медаль совриндори бўлди.





