АсосийShou-biznes

“Опа-сингиллар” телесериали якунидан сўнг...

Суратга олиш жараёнлари ва сериал таассуротлари ҳақида...

140 қисмдан иборат бўлган “Опа-сингиллар” телесериали кўпчилик мухлисларни ҳаёт ташвишларидан бир зум чалғитиб, экран қаршисига михлаб қўйди, десак муболаға бўлмайди. Айнан шу мухлислар талабидан келиб чиққан ҳолда бу галги “Мухлис ва юлдуз” лойиҳасига сериалнинг мухлислар кўнглидан жой олган ёш қаҳрамонларини таклиф этдик. Уларнинг ўз қаҳрамонлари ҳақидаги фикрларига сиз ҳам қулоқ тутинг.

Суҳбатни мухлис, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази ҳамшираси Зилола Ўринбоева олиб борди...

— Агар ҳаётда ҳам сериалдаги каби вазиятга дуч келганингизда муаммони қандай ҳал қилган бўлардингиз?

Бегзот Мирзаев: — Худди сериалдаги қаҳрамоним Мурод сингари ҳал қилардим. Сабаби, менинг қаҳрамонимни жуда бўшанг одамга чиқариб қўйиш нотўғри. У ота-онасини ҳурмат қилади, уларнинг кўзига тик қарай олмайди. Қийин вазиятда ич-ичидан қийналди. Унинг онасини ҳам айблаб бўлмайди. Чунки она боласи учун жон куйдиряпти. Бизнинг ўзбек йигитлари ҳам онасига гап қайтармайди-ку. Сериалда ҳам худди шундай. Икки ўт ўртасида қийналса ҳам, ич-ичидан эзилади, ҳам онасининг сўзидан чиқмади. Бу эса онасини ҳурмат қилиши ҳамда тўғри тарбия топганидан далолат. Умуман, сериални кузатган мухлис бирорта эркак аёл кишини беҳурмат қилгани, ортиқча жанжал кўтарганини кўрмайди. Сабаби режиссёр Замира Бегимқулова ўз сериали орқали тарбия кўрган одамларни кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Мен талқин этган образ характери қайсидир маънода менинг ўзимга ҳам яқин десам хато бўлмайди. Масалан, ҳаётда Муроднинг вазиятига тушиб қоладиган бўлсам, худди у каби сабр билан муаммони ечишга ҳаракат қилардим.

Сериалда икки кичик қизалоқлар билан партнёр бўлиб ишлаш сизга қийинчилик туғдирмадими?

Бегзот Мирзаев: — Биласизми, аввал унчалик болажон эмасдим. Ўзимнинг икки фарзандим бўлса-да, ҳалигача бировнинг боласини кўтариб, эркалай олмасдим. Айтганингиздек, болалар билан ишлаш жуда қийин. Айниқса, тўрт ёшгача бўлган болалар билан. Менинг сериалдаги қизларимнинг бири икки, бири тўрт ёш эди. Сериалда биз қизларни урушадиган, қизлар йиғлайдиган саҳналар бор. Шундай пайтларда қизларнинг менга яқинлашгиси ҳам келмади. Кейин уларни сақич, ширинликлар билан алдаб, яна меҳрини қозондим. Суратга олиш жараёнида улар узоқдан “дадажон”, деб югуриб келган пайтларда менинг ҳам кўнглимда уларга нисбатан меҳр уйғонганини ҳис қилдим.

Сериал давомида сизга қийинчилик туғдирган кадр қайси бўлди?

Бегзот Мирзаев: — Агар эътибор берган бўлсангиз ўзи ҳеч бир кадрда хурсанд бўлиб ўйнамаганман... Фақат сиқилган, қийналган... Мурод ишга борса ҳамкасблари гапиради, уйга келса онаси хотинини ёмонлайди, хонасига кирса хотини онасидан шикоят қилади. Умуман, менинг қаҳрамоним ҳар томонлама зарбани қабул қиладиган инсон бўлгани сабабли ҳеч бир саҳна осон бўлмади...

Заҳро опа, саволим сизга. Бегзот ака ҳаётда сизнинг турмуш ўртоғингиз эканлигини кўпчилик билмайди. Айтинг-чи, турмуш ўртоғингиз ҳаётда сериалдаги қаҳрамонидан қай даражада фарқ қилади?

Захро Мирзаева: — Буткул фарқ қилади! Фақат фарзандларига кўпроқ меҳрибон ва ғамхўр. Мен болаларни койиганимда ҳам менга “болаларни урушма, уларнинг асабига таъсир қилади”, деб менга дакки беради. Айниқса, овқат ўз вақтида тайёр бўлмаса жаҳли чиқади. Ҳаётда бироз инжиқроқ десам ҳам бўлади.

Иккингиз бир сериалда суратга тушдингиз. Бу қийинчилик туғдирмадими?

Заҳро Мирзаева: — Менга қийин бўлди . Чунки суратга олиш жараёнларида мен Андижонда қайнонам билан яшардим. Боламни Андижонга, қайнонамга ташлаб келиб, ишлардим. Сериалнинг иккинчи фасли суратга олинаётганда эса иккинчи ўғлимга ҳомиладор эдим. Айниқса, сериалнинг учинчи фаслида жуда қийналганман. Сабаби, болам икки ойлик эди ва у йиғлаб турсада, мен роль ўйнашимга тўғри келарди...

Бегзод Мирзаев: — Албатта, қийинчиликлар бўлди. Эрта тонгдан “съёмка”га, кейин Ўзбекистон Давлат санъат институтида ўқитувчи бўлганим учун институтга, дарсдан кейин яна шаҳарнинг бошқа четидаги “съёмка” майдончасига етиб келишга мажбур бўлардим. Бундай пайтларда режиссёр Замира Бегимқулова мени тушунгани учун улардан миннатдорман.

Захро опа, ҳаётда сизга худди сериалдаги образингиз — Дурдона каби келин учраса нима қиласиз?

Захро Мирзаева: — Худо сақласин! Аслида менинг қаҳрамоним оилапарвар, ўзига яраша орзу ҳавасли аёл. Аммо ана шу орзу-ҳаваслар ортида айёрона мақсад ётиши ёмон. Бунақа аёлдан ҳамма нарса кутиш мумкин (кулади). Шунақа инсонлардан ўзим ҳам жуда қўрқаман. Бундай келиним бўлса яшолмасам керак (турмуш ўртоғи кулиб юборади).

Бегзот Мирзаев: (ҳазилга буриб) — Ўзи иккита бир хил одам битта уйда яшай олмайди-да!

Захро Мирзаева:— Тўғри, бир оз жиззакироқман. Лекин у даражада ёмон аёл эмасман. Баъзилар “Ўзи шунақа аёл бўлгани учун ёмон аёлни ўхшатиб ўйнаган”, деди. Бозор-ўчарда юрганимда эса сотувчилар “Ҳой, қайнопангни тинч қўясанми-йўқми? Сенга нима ёмонлик қиляпти?”, деб койиб қолишади. Айниқса, турмуш ўртоғим билан вилоятлардаги тадбирларга борсак Бегзот акам билан расмга тушишади-да, менга келганда “Сиз нари туринг, сиз билан расмга тушмаймиз”, дейишади.

Элбек ака, сизга қаҳрамонингиз Жавлоннинг қайси хислати маъқул бўлди? У ҳаётда сизга ўхшайдими?

Элбек Файзиев: — Бир сўзлилиги, ўйлаган мақсадига эришишга астойдил ҳаракат қилиши, самимийлиги ва қатъиятлилиги маъқул бўлди. Жавлоннинг маъқул бўлмаган ва менга ўхшамаган жиҳати сериал охирига келиб унинг ютқазиши бўлди. У сериал охирида Насибага эриша олмаслигини англаб, тақдирга тан берди. Лекин мен ҳаётда осонликча тан бермайман. Аниқроғи, ҳаётда ютқазиш менга хос эмас.

Ҳаётда ҳам шу вазиятга дуч келсангиз, яъни сиз севган қиз бошқасини севса...

Элбек Файзиев: — Йўқ, бунақаси санъаткорларда кам бўлади. (кулишади). Бизни атрофимизда фақат бизни севадиганлар бўлади. Очиғини айтганда, ҳозир ҳаётда севган қизим бор. Муносабатларимизга етти йил бўлди ва ҳозирги кунда Гиннеснинг рекордлар китобига кириш арафасидамиз (кулишади).

Ёш бўлишингизга қарамай, кўплаб клип ва реклама роликларида, фильмларда бандсиз... Шунга қарамай, телесериалда суратга тушишга қандай вақт топганингиз қизиқ...

Элбек Файзиев: — Режиссёр Замира Бегимқулова мени Жавлон ролига таклиф қилиб, сериалнинг юз қисмдан ортиқ бўлишини айтганида жуда иккиландим. Сабаби, бу жуда катта вақт эди. Охирги пайтларда салбий ролларни ижро этаётганим боис худди ҳозиргидек соч-соқолимни ўстиришимга тўғри келиб қолиши мумкин... Шу боис аввалига Замиар опага раҳмат айтиб, кейин таклифини рад этдим. Замира опа аввалига ҳайрон бўлиб, сўнг сизга керакли ҳамма шароитни яратиб бераман. Майли, сочингизни олдирсангиз ҳам, ўстирсангиз ҳам шу сериалда суратга тушсангиз бўлди, деганларидан сўнг Жавлон ролини ўйнашга рози бўлдим. Аммо афсусланмайман.

Насиба ва Дилфуза. Икки партнёрингизнинг қай бири билан роль ўйнаш осон кечди?

Элбек Файзиев: — Очиғи бунга аҳамият бермаган эканман. Насиба билан бир оз қийинроқ кечди. Чунки қаҳрамоним сериалда деярли унинг ортидан югуриб юради, қийналади. Дилфуза билан эса ижроимиз бир оз енгилроқ кечди, десам ҳам бўлади. Лекин ҳар иккиси ҳам ўз ролининг мақсадини тўғри англаб, чин дилдан ижро этгани боис суратга олиш жараёнлари менга қийинчилик туғдирмади.

Акмал ака, оила аъзоларингиз сиз суратга тушган сериални томоша қилаётганда кўнглингиздан нималар кечди?

Акмал Назаров: — Бошида сериални мен учун томоша қиляпсизлар, деб ўзимча мақтанардим. Сериалнинг иккинчи фасли бошланганидан сўнг эса онам “Сен учун эмас, сериал учун томоша қиляпмиз”, дейдиган бўлдилар (кулади). Сериални оила даврасида томоша қилганимда баъзи камчиликларим ўзимга сезилиб қолади. Тўғри, буни оилам сезмаслиги мумкин. Лекин ҳар ҳолда ўзим шу соҳада ўқиганлигим, қолаверса, ҳозиргача ўз устимда ишлаб, тажрибамн ошириб бораётганлигим учунми, экранда ўзимга ўзим танқидий кўз билан қарайман.

Қудрат образини талқин этганингиздан сўнг сизда дизайнерлик соҳасига қизиқиш пайдо бўлмадими?

Акмал Назаров: — Йўқ, ҳаётда бу соҳадан анча йироқман. Лекин турмуш ўртоғимнинг касби дийзайнер. Шуни айтишим мумкинки, сериалда дизайнер образини талқин этиш баҳонасида бозорларда юриб, матоларнинг сифати, яхши-ёмонини ажратишни ўргандим. Аслида мен Икром ролига синовдан ўтган эдим. Қудрат ролига эса Расулхон Қодирхонов синовдан ўтган. Киносинов ўтиб, суратга олиш ишлари бошланганидан сўнг менинг ролимни Расулхонга беришди. Сабаби, режиссёр Замира Бегимқулова аввалдан менинг қиёфамда Қудрат ролини кўрган экан. Шундай қилиб имкон қадар Қудратнинг ички кечинмаларини очиб беришга ҳаракат қилдим.

Ҳаётда ҳам Қудрат каби рашкчимисиз?

Акмал Назаров: — Ҳатто Қудратдан кўра кўпроқ рашкчиман. Ҳатто уйда ўтирган синглимни ҳам рашк қиламан. Дўстларимни ҳам бошқалардан қизғанаман.

Расулхон ака, сиз ҳаётда ҳам қаҳрамонингиз сингари ўйламай қарор қабул қиласизми? Айниқса, севган қизингизни боласи бор дейишса…

Расулхон Қодирхонов: — Албатта ишонмасдим-да.. Қандай қилиб ишониш мумкин? Серилада айрим воқеалар бир оз бўрттирилган. Мен ҳеч қачон ўз кўзим билан кўриб, ҳақиқатнинг тагига етмагунимча бировнинг гапига ишониб кетавермайман. Ҳаётда муҳим қарорларни ҳам ўйлаб, ҳам жуда тез қабул қиладиган одамларга қараб ҳавас қиламан. Лекин ўзим ҳаётда тез бир қарорга кела олмайман. Кўп иккиланаман.

Ҳаётда ҳам Икром сингари бировнинг боласини асраб олган бўлармидингиз?

Расулхон Қодирхонов: — Авваламбор Худо ҳамманинг ўзига фарзанд берсин. Лекин ўзим ҳам бола асраб олган бўлардим. Чунки ҳаётда ҳам жуда болажонман.

Ўз қаҳрамонингиз Икромга ўхшашни хоҳлармидингиз?

Расулхон Қодирхонов: — Йўқ, мен ўзимга ўшашни хоҳлайман. Аслида Икромнинг тарбияси, ота-онасини ҳурмат қилиши менга ўхшайди.

Ҳаётда кўнгил берган инсонингиз борми?

Расулхон Қодирхонов: — Севиб қолганман... Лекин менинг имкониятимдан ташқари нарсалар талаб қилингани учун севгимиз узоққа бормади. Балки шунчаки ёқтиргандирман... Токи ҳақиқий муҳаббатингизни учратмагунингизча барибир биринчисини севги деб, ўйлайсиз...

Насибани сева туриб, Дилфузага “сизни рашк қиляпман”, деганингизда сизни ёмон кўриб қолдик....

Расулхон Қодирхонов: — Тўғри... Лекин менинг қаҳрамонимнинг ҳаракатларини кузатибсиз-у, унинг ички кечинмаларига қулоқ тутмапсиз-да... Сериалда қаҳрамоним шу йўл билан Насибани унутмоқчи, ўзини чалғитмоқчи бўлади. Аслида Икром Дилфузага “Сизни рашк қиляпман”, деган гапни ўзи хоҳлаб гапирмайди.

Зилола Ўринбоева:

— Ушбу суҳбатимиз якунида шунга амин бўлдимки, сериал актёрлари ўзлари талқин этган образга деярли ўхшамайдилар... Аммо Икром сериалда қандай бўлса, суҳбат давомида ҳам худди шунақа инсон эканлигини сездим. Шу каби сериаллар кўпайишини тилаб актёрлар билан хайрлашдик.

Моҳичеҳра Эшмирзаева ёзиб олди

Фотомухбир: Алихан Утарбеков

    Бошқа янгиликлар