АсосийShou-biznes

8-март Ҳалқаро хотин қизлар байрамига бағишланади: Машҳур оталар ва уларнинг қизлари

Байрам муносабати билан юртимизнинг санъат ва спорт соҳаси ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган вакилларига ўз саволларимиз билан мурожаат этдик. “Оталар ва қизлар” деб аталган лойиҳамиз шартига кўра иштирокчиларнинг қиз фарзандалари кўп бўлиши керак ва улар рафиқалари бир соат бўлмаганда фарзандаларини нима билан банд қилишни ўйлаб топишлари ҳамда бизнинг учта саволимизга жавоб беришлари лозим.  Кўрайликчи, ўз соҳасининг моҳирлари  қизларини нима билан банд этишар экан?

Саволлар:

1.      Охирги қизингиз туғилганда кўнглингиздан нималар кечган?

2.      Охирги марта қизларингиз учун қачон ва қандай таом тайёрлаб бердингиз?

3.      Ҳар бир қизингизга совға танлашда қандай ёндошасиз?

“Уф, мактабда қайта ўқигандек бўлдим”

Телебошловчи ва продюсер, "Менинг юртим" телеканали орқали тақдим этилаётган  "Қайнона- келин" сериали продьюссери Равшан Ҳакимов.

Қизларининг исми: — Музайяна, Танзила ва  Ансора.

1.      Ҳар бир қизимнинг туғилишида хурсанд бўлганман. Чунки Худо қиз фарзандни ўзи сийлаган бандасига беришини биламан.

2.      Кичик қизим Ансора туғилишидан  аввал қизларимга тухум қовуриб бергандим. Чунки фақат шу овқатни тайёрлашни биламан. Бундан ташқари яқинда рафиқам меҳмонга кетганида Ансорага пишлоқ едириб, амаллаб қорнини тўйғазиб олиб ўтирдим. (кулади)

3.      Қизларимга совға танлашда ҳар бирининг кўнгли билан ҳисоблашаман. Шу боис ҳар биридан байрамда қандай совға кутаётганини сўраб оламан.

“Соч ўриш намунча қийин экан-а?!”

Бастакор, уч юздан ортиқ фильмлар саунтдреки муаллифи. Ўзбекистон Давлат консерваторияси ўқитувчиси, Дониёр Агзамов.

Қизларининг исми: Диёра, Дилёра, Фарангиз

1.      Кенжа қизим туғилганда ҳам ўзимни биринчи марта фарзандли бўлганимдек бахтли ҳис қилганман. Ахир “учта қизни дунёга келтириб, тарбиялаб, вояга етказган ота жаннати бўлади”, дейишади-ку?

2.      Тўғриси, қизларимга бирор марта овқат тайёрлаб бермаганман. Лекин ўзим овқатлантиришим рост.  Ўртанча қизим бироз инжиқроқ бўлгани боис уни деярли ҳар куни ўзим овқатлантириб қўяман.

3.      Катта қизим ақлини таниган ёшда. У ҳозир Успенский номли мусиқа мактабида пианино бўйича таҳсил оляпти. Байрамдан бир-икки ой аввал ундан “ сенга нима совға қилай?”, деб сўрайман. Ўртанча қизимга эса онаси билан маслаҳатлашган ҳолда қимматбаҳо тақинчоқлар совға қиламан. Учинчиси ҳали жуда кичкина бўлгани боис хозирча ўзига мос кийим-кечаклар, ҳар хил ўйинчоқлар совға қилиб турибман (жилмаяди).

“Хола-хола ўйнаймиз”

Хонанда, “Шод” гуруҳи аъзоси Шуҳрат Умаров.

Қизларининг исми: Одинахон, Робияхон ва Розияхон

1.  Одам ота бўлганда ўзини қандай бахтли ҳис қилса мен ҳам шундай бахтли эдим. Баъзиларга ўхшаб қизим туғилганида рафиқамга “Нега ўғил туғмадинг?”, дея таъна қилмаганман. Худонинг берганига шукр қилганман.

2.      Яқинда турмуш ўртоғим тўйга кетганида қизларимга ўз хоҳишларига кўра картошка билан гўшт қовуриб бердим.

3.      Қизларимга совғаларни ҳар бирининг характерига қараб танлайман. Тўнғич қизим бироз жиддий, қўғирчоқни ўйнамай қўйган.  Унга чиройли ўқув қуролларини совға қиламан. Масалан, яқинда кун тартиби ва кун давомида нималар билан банд бўлганлигини ёзиб юриши учун кундалик совға қилдим. Иккинчиси бир оз шўхроқ. Унга расм чизиш, эртак китобларини бўяш бўлса бўлди! Кичигига ҳозирча фақат ширинликлар бўлса бас!

“Қани, ҳамма спортзалга!”

Бодибилдинг бўйича беш карра Ўзбекистон чемпиони, Ўзбекистон кубоги совриндори, спорт  устаси, Тошкент бодибилдинг ва фитнес федерацияси президенти Ҳабибулла Низомов.

Қизларининг исми: Шукрона, Зайнаб, Сожида ҳамда Сафия.

1.      Худога шукр қилганман. Кенжа қизим туғилганида нега яна қиз туғилди, дея нолимаганман.

2.      Яқинда қизларимга тухум қовуриб бердим. Чунки бошқа таомларни пиширишни билмайман-да!

3.      Ҳар бирининг ўз феъл-атворига қараб танлайман. Байрамларда олдиндан ўзларидан сўраб, кейин совға танлашни маъқул кўраман.

“Мен эмас, қизларим менга қараб туришди”

Хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Абдурашид ЙЎЛДОШЕВ.

Қизларининг исми: Нозимахон, Мадинабону, Муниса, Робиябону. (Учинчи қизидан сўнг бир ўғил фарзанди ҳам бор).

1.      Албатта хурсанд бўлганман. Чунки қиз фарзанд барибир ота-онасига меҳрибонроқ бўлади.

2.      Бундай ҳолат жуда тез-тез бўлиб туради. Аслида уйда бўш вақтим бўлди дегунча ўзим ошхонага кириб таом тайёрлашни, қизларимга ҳам ўргатишни яхши кўраман.

3.      Қизларимга совғани ўз дидимга қараб танлайман. Баъзида онаси билан маслаҳатлашган ҳолда қизларнинг камчиликларига қараб совға танлайман.

Кўриб турганингиздек, машҳур оталар ўзларига топширилган вазифани қойилмақом қилиб бажаришди! Биз эса уларга тасанно айтган ҳолда, фурсатдан фойдаланиб, саҳифамиз меҳмонларининг рафиқаларини ва барча мухлисларимизни байрам билан муборак этамиз!





 

    Бошқа янгиликлар