Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2014 йилги фаолияти муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Ҳисоб палатасининг 2014 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботда палата ўз фаолиятида давлат ва маҳаллий ривожланиш дастурларининг ижроси, маблағлардан мақсадли фойдаланиш, иқтисодиётимиз барча тармоқларининг жадал ривожланишини таъминлаш учун мўлжалланган Давлат бюджетининг самарали бажарилишини ўрганишга алоҳида эътибор қаратгани қайд этилган.
Ҳисоб палатасиси томонидан Давлат бюджети харажатлари таҳлил этилиб, иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва бошқа ижтимоий тўловлар бўйича сарф-харажатларнинг бюджет маблағлари билан таъминлангани баҳоланди.
Ўтган йили бюджет маблағларидан қонуний ва мақсадли фойдаланиш бўйича ўтказилган текширувлар натижаларига кўра, қатор молиявий қонунбузарликлар, хусусан, давлат бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Ҳисоб палатасининг 2014 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот муҳокамаси якунларига кўра, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан бюджет назорати соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш механизмларини ишлаб чиқиш, Давлат бюджети маблағларини мақсадсиз сарфлашнинг олдини олиш бўйича амалий чоралар кўриш, вазирлик ва идоралар билан иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир дастурларни ишлаб чиқиш борасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга тааллуқли тавсиялар берилди, деб хабар қилади uz24.uz ЎзА маълумотлари асосида.





