АсосийJamiyat

Самарқанд автомобиль заводида йигирма мингинчи автомобиль ишлаб чиқарилди

1999 йилда тижорий фаолиятини бошлаган ва 2006 йилда “Самарқанд автомобиль заводи” масъулияти чекланган жамияти (“СамАвто” МЧЖ) номи остида қайта ташкил этилган мазкур корхонада Япониянинг “ISUZU Motors Ltd” компанияси билан ҳамкорликда “ISUZU” шассиси асосида ҳаракатланувчи автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти хабар қилади.

Бугунги кунда завод маҳсулотларининг моделлари қаторига М3 туркумининг I ва II тоифали автобуслари, жумладан, паст тубли шаҳар автобуси, N сериясига кирувчи юк ташиш ва махсус автомобиллар (юк кўтариш қобилияти 5000 килограммгача бўлган N2 тоифали автомобиллар), ишлаб чиқарилган ва ўрнатилиши мумкин бўлган 30 дан ортиқ кузовларни ўз ичига олган F серияли автомобиллар киради. 

Республикамиз ҳукумати қарори асосида 2011 йилдан Самарқанд автомобиль заводи сиқилган табиий газда ишловчи двигателлар ўрнатилган автомобиллар ишлаб чиқара бошлади.

Самарқанд автомобиль заводининг йигирма мингинчи автомобили – ISUZU NPR82 машинаси ҳам сиқилган табиий газда ҳаракатланади. 

Автомобилнинг тақдимот маросимида “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ва ISUZU Motors, Itochu Corporation компаниялари вакиллари сўзга чиқиб, маҳсулотнинг юқори технологик кўрсаткичлари ва замонавий кўринишини эътироф этди. Корхонада ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришдаги аҳамиятига тўхталди. 

– Ўзбекистон автосаноати жадал ривожланиб бораётган мамлакатлардан биридир, – деди ISUZU Motors Ltd ижрочи президенти Таканобу Фурута. – Ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳаларимиз мисолида бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз. Хусусан, Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган турли русумдаги замонавий автомобиллар халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Корхонанинг бугун конвейердан чиққан йигирма мингинчи автомобилининг сиқилган табиий газда ҳаракатланишини ҳам алоҳида мамнуният билан таъкидламоқчиман. У евро-стандартларга жавоб берувчи экологик транспортларнинг янги авлодидир. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Самарқанд автомобиль заводи ISO 9001, ISO 14001, OHSAS 18001 стандартларига жавоб берувчи халқаро сертификатларга эга. 

    Бошқа янгиликлар