АсосийShou-biznes

БОТИР МУҲАММАДЖОНОВ: “Салбий ролларим жазосини ҳам тортганман”

Бу гал ушбу рукн остида “Кичик роллар бўлмайди, фақат кичик актёрлар бор, холос”, деган шиор билан ўзига бериладиган ҳар бир ролга юрак қўрини бериб ишлайдиган актёр, Ўзбек Миллий академик драма театри директор ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ботир МУҲМАММАДЖОНОВ босиб ўтган умр ва ижод йўлига назар ташлади...  

“Холам сабаб кинога кириб қолганман”

— Оилада иккинчи ўғилман, акам, икки укам ва синглим бор. Онам мактабда рус адабиётидан дарс берган, отам эса ишчи эди. Нақ учта мактабда қўиганман: Аввал 15, кейин 14-сонли мактабда, 1974 йилда уйимиз бузилиб, Қорақамишдаги кўп қаватли уйга кўчганимиздан кейин  196-мактабда ўқиганман. Она тили ва адабиёти жону дилим эди. Шеър ёдлашни яхши кўрардим, рости аниқ фанларни хушламасдим. Бадиий тўгаракларга қатнашардим, албатта, ҳар бир саҳна кўринишида роль ижро этардим. 5-синфда ўқиб юрган кезларим, Комил Ёрматовнинг “Узоқ ва яқин йиллар” фильмида суратга тушиш насиб этган. Бунга холам, узоқ йиллар ҳозирги Миллий театрда ишлаган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Бадалова сабабчи бўлганлар. Шу фильмда холам билан она-бола ролини ижро этганмиз. Суратга олиш майдончаси мени ўзига сеҳрлаб қўйганки, дилимда актёр бўлиш истаги туғилган. Ота-онам эса шифокор бўлишимни хоҳлашарди. Уларга “хўп бўлади” дердим-у, хонамга кириб олиб шеър, монолог ёдлашдан бўшамасдим (кулади).

“Онам сиримни фош қилган”

— 10 синфни тамомлаб, ниятимни амалга ошириш мақсадида уйдагиларга билдирмай, аввалги Тошкент Давлат театр ва рассомлик институтига ҳужжат топширганман. Борди-ю имтиҳонлардан ўтолмасам, ота-онамнинг истагига кўра шифокор бўламан, деб ўзимга ўзим сўз берганман. 26 июль — “мандат” куни онамга “дуо қилинг, сизлардан берухсат иш қилгандим”, десам, ишонмай акамни менга қўшиб юборган. Бориб не кўз билан кўрайки, ўқишга қабул қилинган 22 талаба орасида мен ҳам бор эдим. Йўқса, Мадина Мухторова 445, мен 446-бўлиб ҳужжат топширгандик. Хурсандчилигимга уйдагилар ҳам шерик бўлишган. Институтда Арсен Исмоиловнинг қўлида тўрт йил таҳсил олдим. Ўқишга жуда жиддий қарардик. “Этюд”имиз ўхшамаса, ҳамма курсдошлар тонгга қадар институтда қолиб, тайёргарлик кўрардик. Кечки овқат учун дўкондан буханка нон ва консерва кўтариб келардим (кулади). Арсен ака чекадиганларни хушламасди, бизга ҳам “бирортангни қўлингда сигарета кўриб қолсам, ўқишдан ҳайдаттираман”, дерди. Пахтага чиққанимизда йигитлар йиғилиб, чекиб ўтиргандик. Тўғримизда қўлида сигарета, бошида шляпали бир чол бизга қараб турганига кўзимиз тушганди. Бир вақт кимдир “сўтақуллар, қўлга тушдиларингми?” деса бўладими (мириқиб кулади). Домла атай бизни чалғитиш ва текшириш учун шундай йўл тутган экан. “Сени излаб...” фильмида трамвай бекатида чекадиган саҳнаси бор эди. Онам ўшани кўриб, “вой, ўғлим чекасанми?” деганида “она, бу рол-ку!” десам, “йў-ў-ў-қ, бу профессионал сигарета чекиш”, деганди (кулади). Ўша ролим орқали сирим фош бўлиб, онам чекишимни билиб қолган.       

“Ишни режиссёр ёрдамси бўлишдан бошлаганман”

— Ҳамза номидаги драма театрига ишга кириш учун бадиий кенгашга имтиҳон топширгани бордим. Лекин отахон театрнинг салобати босиб, иккиланиб турганимни кузатган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Хожиакбар Комилов қўлимдан етаклаб, “дадил бўл”, дея директор хонасига киргизиб юборган. Агар шу инсон бўлмаганида, балки изимга қайтиб кетармидим... Синов вақти Сора Эшонтўраева “шу театрни яхши кўрсангиз, репетуаримиздаги истаган спектаклдан монолог ўқиб беринг”, деган. Шунда “Ўн учинчи раис” спектаклидаги монологни ёддан айтишни бошладим. Монологда қаҳрамон қўлини бигиз қилиб “сизга, сизга, сизга ўхшаганларнинг бутун хатти-ҳаракатлари маънисиз...” дейдиган қисми бор. Бадиий кенгашда Наби Раҳимов, Шукур Бурхонов, Сора Эшонтўраева, Ёқуб Аҳмедов ўтиришибди. Уларга қўлимни ниқтолмайман, қўрққанимдан театрнинг директор ўринбосарини кўрсатиб, монологни давом эттирибман-да... Шунда ҳамма кулиб юборганди. Бахти кулган инсон эканман, ўша куниёқ мени режиссёр ёрдамчиси қилиб ишга олишди. Бош режиссёр Рустам Ҳамидов “роль ҳам ўйнайверасан”, деганди. Эртаси куни — 1985 йилнинг 24 мартида ишга келаётсам, театр эшиги ёнида бир гуруҳ устоз санъаткорлар турибди. Ҳар бири салобатли актёрлар, ҳатто салом бериб, уларнинг олдидан ўтишга ботинолмасдим. Репетицияга кириб кетишларини кутиб, сўнг ертўла орқали иш жойимга кириб олардим.

“Фильмларда ҳам кўриниб қолармиз...”

— Телевидениедаги илк қадамларим 1986 йили “Оталар сўзи-ақлнинг кўзи” кўрсатувидан бошланган. Рихсивой Авазов мени Мираббос Мирзааҳмедовнинг олдига олиб бориб, “Ишдан гапиринг, ишдан” деган бир оғиз гапли роль берган. Ижро этдим, эфирга кетадиган бўлди. Қариндошлар-у, хуллас, ҳаммага мақтаниб қўйганман. Эфир куни уйдагилар билан телевизорни ёнига жойлашиб ўтириб олдик. Не кўз билан кўрайки, мени орқа пландан суратга олишган экан, аҳволимни тасаввур қиляпсизми (мириқиб кулади)? Беадад шукр, шу кўрсатувда 500 дан ортиқ роль ижро этиб, халққа танилдим. Аслида салбий ролларни ижро этишни ёқтирмайман. Шу тобда ўн беш йил аввалги воқеа ёдимга тушди. Машинам йўқ, трамвайда юраман. Бир қиз бувисига пичирлади. Сездим-да, юзимни қўлим билан тўсадиган қилиб, тутқични ушлаб олдим. Бир вақт ўша онахон ҳассаси билан туртиб, “юзингни кўрсат-чи!” дея дағдаға қилди. Қарашимни биламан, қарғаб ҳасса билан савалай кетса бўладими. Ҳайдовчига “тушиб қолай, илтимос”, десам, “мен ҳам сени ёмон кўраман”, деб тўхтатмай, охири йўлнинг ўртасида тушириб юборган. Фатхулла Масъудов яхши, мен ёмон йигит эмишман (кулади).

Фильмларга келсак, чақиришади-ю, негадир ролга тасдиқлашмайди. Очиғи, энди таклифларга рад жавобини берадиган бўлдим. “Чол ва набира” фильмига ҳам чақиришганида бормагандим. Учинчи бор режиссёр қўнғироқ қилиб, “Ботир, у сизнинг ролингиз, келмасангиз бўлмайди”, деб чақириб олган. Вақти келиб, фильмларда ҳам кўриниб қолармиз.

“Устимдан кулганларни ёддан чиқаролмайман...”

— Институтни биринчи босқичида ўқиётганимда отам инсульт бўлиб, оёқдан қолган. Ўша йиллари онам ҳам ишдан бўшаганди. Акам ўқишини сиртқига ўтказиб, ишга киришга мажбур бўлган. У киши билан алмашиб, шифохонада ётган отамга қарардик. Икки ҳафтада шифокорлар “отангизни олиб кетинглар” деганида, невропотолог Хусан ака “ўзим даволайман”, деб парваришлади. Шукр, отамнинг умри йигирма йилга узайди. Лекин ўша вақт мобайнида оиламиз жуда қийин ахволни бошдан кечирди. Ўқишдан чиқиб, мажбурликдан бир одамнинг сигаретасини сотиб берардим. Қўлимга икки-уч сўм тегарди. У пулга керакли дориларни олардим. Акам топган пулига рўзғор қиларди. Сигарета сотиб ўтирганимда кўрган танишларим шароитимни билмай, устимдан кулгани ёдимдан чиқмайди (кўзига ёш олди)...

Шукр, отам катта-катта роллар ижро этганимни кўрди. Биргина армоним ўша кунларни онам кўролмади. 1999 йили вафот этган... Отам эса 2001 йилда оламдан ўтган.       

“Бир кўришда севиб қолганман”

— Рафиқамни Ўзбекистон Давлат консерваториясида бир бор кўриб, севиб қолганман. Бироқ отаси “санъаткорга турмушга бермайман”, деб қатъий туриб олган. Онам “бошқа қизни топармиз, барибир рози бўлишмайди”, деганда ҳам фикримни ўзгартирмаганман. Қайнотам мусиқа коллежида дарс берганида, Беҳзод Муҳаммадкаримов у кишининг ўқувчиси бўлган экан. Сўнг Беҳзод билан ишлашимни билиб, дўстим орқали мени суриштиришган. Кутилмаганда Беҳзод “дўстим, устозимнинг қизига оғиз солибсан. Иш пишди. Хўш, эгним ва оёғимнинг ўлчами 42”, дея рўйхатини санаб кетди (мириқиб кулади). Иккинчи ўғлим туғилганида қайнотам “Беҳзод сабаб, оила қурдинглар, ўғлингизни исмини Беҳзод, деб қўйсак”, деган. Дўстимга қўнғироқ қилиб, “паспортда исминг қандай ёзилган?” деб сўрасам, яна кийим ўлчамларини айтиб кетса денг (кулади). Уч ўғил, бир қизимиз бор. Диёр, Беҳзод санъат соҳасини танлашмади. Беҳруз ва Азиза онасига издош бўлишяпти. Бахтли оилалардан биримиз!    

Биласизми?

  • Ботир Муҳаммаджонов 1964 йилнинг 29 сентябрида Тошкент шаҳрининг зиёлилар оиласида дунёга келган.
  • 30 йилдан бери Ўзбек Миллий академик драма театрида ишлайди. 27 йилдан буён директор ўринбосари.
  • 2004 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.  
  • Телевидениеда 500дан ортиқ, кинода 20дан ортиқ роль ижро этган.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.

Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ

 

    Бошқа янгиликлар