АсосийSport

Қосимжонов Тбилиси Гран-присида дуранг ўйнади

Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида шахмат бўйича ФИДЕ Гран-присининг учинчи босқичи давом этмоқда. Сайёрамизнинг энг кучли гроссмейстерлари иштирокида ўтаётган нуфузли мусобақада ҳамюртимиз 2004 йилги жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда olamsport.com хабар беради.

Кеча, 17 февраль куни ўтказилган 3-тур учрашувида ҳамюртимиз оқ доналарда голландиялик Аниш Гири билан ҳисоб-китоб қилди. Томонлар 20-юришдан кейиноқ муросага келишни афзал билишди. Ушбу дурангдан сўнг Қосимжонов 1,5 очко билан турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди.

Бугун, 18 февраль куни Рустам Қосимжонов 4-турда қора доналарда кубалик Леньер Домингес билан муносабатларига ойдинлик киритиб олади. Домингес ўтказган уччала партиясида ҳам рақиблари билан дурангга имзо чеккан ва унинг ҳисобида ҳам 1,5 очко бор.

Турнир жадвалида 2,5 очкога эга россиялик Евгений Томашевский якка пешқадамлик қиляпти. Озарбайжонлик Шахрияр Мамадияров, россиялик Дмитрий Яковенко ва голландиялик Аниш Гири ҳисобида 2 тадан очко мавжуд.

 

    Бошқа янгиликлар