АҚШда бир неча болага дунёнинг турли мамлакатларида нонушта сифатида тановул этиладиган таомларни таътиб кўришга беришган ва уларнинг ҳолатини тасвирга олишган. Мазкур ролик YouTube сайтида оз фурсатда машҳур бўлиб улгурди – уч кун ичида у миллион мартадан ортиқ томоша қилинган. Айни пайтда мазкур видеони 3,3 миллиондан ортиқ фойдаланувчи кўришга улгурди.
Корейсча балиқ шўрва, голландча шоколадли тост ва машҳур Бразилия қаҳваси – булар болалар тажриба вақтида истеъмол қилган таомларнинг бир қисми, холос. Таъкидлаш жоизки, ушбу таомларнинг кўпчилиги ёш дегустаторлар таъбига тўғри келмади – аксарият кичкинтойлар биринчи таътиб кўришдан сўнг ўша егуликни яна ейишдан бош тортган.





