АсосийDunyo

Австралиянинг энг кекса фуқароси пингвинлар учун бир йилдан бери свитер тўқимоқда

Бугун, 12 февраль куни The Telegraph нашри антиқа бир маълумотни омма эътиборига ҳавола этди. Нашрнинг ёзишича, Австралиянинг энг кекса фуқароси бўлмиш, 109 ёшли Альфред Дейт ўтган бир йиллик вақтини пингвинларга свитер тўқиш билан ўтказган, дея хабар беради lifenews.ru нашри.

Айни вақтда ҳам у ана шу иш билан машғул. Дейт бу свитерларни Филипп оролидаги пингвинларга кўмак бериш жамғармаси учун тўқиётгани ҳақида айтган.

Дейтнинг сўзларига кўра, у ўтган йилнинг март ойида Янги Уэльс марказий соҳил бўйида жойлашган қариялар уйига келганида у ерда ишловчи ҳамширалардан ўзининг севимли машғулоти бўлмиш тўқишни билишини айтганида, ҳамширалар унга жамғарманинг илтимосига кўра пингвинларга свитер тўқиб беришни таклиф қилишган.

80 йил олдин тўқишни ўрганган қария бу ишга жиддий бел боғлади. У кўрсатаётган натижалар жамғарма вакилларини ҳайратлантирмоқда.

Жамғармада пингвинлар учун свитерлар модага амал қилиш эмас, балки зарурият юзасидан тўқилаётганини маълум қилишди: шу тариқа уларни денгизга нефть тўкилиши оқибатларидан сақлаш мумкин. Агар бу рўй берса, нефть билан қопланган пингвинлар совуқ ейишни бошлайдилар ҳамда ов қила олмайдилар. 2001 йилда нефть тўкилиши оқибатида оролда яшовчи 438 та пингвин ҳалок бўлган, бироқ свитерлар ёрдамида 96 фоиз пингвинни сақлаб қолишга муваффақ бўлинган.

    Бошқа янгиликлар