Берлин шаҳридаги “Messe Berlin” кўргазмалар мажмуасида “Fruit Logistica – 2015” анъанавий халқаро ярмаркаси бошланди ва у 7 февралга қадар давом этади, деб хабар берада uz24.uz ЎзА маълумотлари асосида.
Ярмаркада Ер юзининг барча минтақаларидан келтирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг кенг ассортименти намойиш этилади ва унда 80 дан ортиқ мамлакат ишлаб чиқарувчилари қаторида Ўзбекистон вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатимизда илғор технологиялар асосида етиштирилаётган олмани замонавий совутгичли омборда сақлаб экспорт қилинса, бир гектар майдондан ўртача 50 минг доллар миқдорида даромад олиш мумкин. Айни вақтда Ўзбекистонда етиштирилаётган олма, анор, узум, ўрик, хурмо, олхўри ва қовун-тарвуз дунё бозорларига кириб бормоқда. Мисол учун, гилос, қовун Бельгия, Норвегия, Болтиқбўйи давлатлари бозоридан мустаҳкам ўрин эгалламоқда.





