Россия Давлат Думасида россияликларнинг ўз паспортларида ўз миллатларини кўрсатиш ҳуқуқини қонун билан мустаҳкамлаб қўйилиши таклиф қилинди, деб хабар берди “Российская газета” нашри маълумотларига таяниб, kun.uz. Сенатор Жанна Иванова тегишли қонун лойиҳасини парламентнинг қуйи палатасига киритди.
Ҳозирги пайтда Россия Федерацияси фуқароси паспортида шахснинг қайси миллатга тегишлиги ҳақидаги ёзув қўйилмайди. “Россия Федерацияси фуқаросининг шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжатлар тўғрисида”ги федерал қонуннинг ҳанузгача қабул қилинмагани бунга асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилмоқда. Шунинг учун бу бўшлиқни янги қонун лойиҳаси билан бартараф этиш таклиф қилинган.
Сенаторнинг фикрига кўра, қонунчиликда янги меъёрнинг пайдо бўлиши Россиянинг кўп миллатли аҳолиси орасида ҳар қайси миллат ўзига хослигини сақлаб қолишга ҳамда бир вақтнинг ўзида мамлакатдаги миллатлараро муносабатларнинг уйғунлашишига ва халқнинг бир бутун бўлиб жипслашишига кўмак беради.
Охирги ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, руслар Россиядаги энг кўп сонли миллатни ташкил қилган (100 млн киши). Шунингдек, Россияда 5,31 миллиондан зиёдроқ қрим-татарлар, 2 миллионга яқин украиналиклар, 1,5 миллионга яқин бошқирд-татарлар, 1,4 миллионга яқин чувашлар ҳамда 1,43 миллионга яқин чеченлар яшамоқда.





