Айни пайтда Дубайда чарчоқ ёяётган Назарбеков ҳаммасини бир четга суриб қўйиб, фақат кайфият кўтаришга боғланиб қолгани йўқ. Иложи ҳам йўқ! Ахир, у дам олиш сафаридан қайтиши биланоқ янги альбоми тақдимотига киришиб кетади.
Дубайдан туриб, Тошкентдаги ижодий гуруҳи билан соатма-соат алоқада бўлиб турибди. Аранжировкаси тайёр бўлган янги қўшиқларни унга телеграм орқали юбориб туришибди. У эса камчилик топса, ўз фикрларини билдирмоқда. Мобил технология ва дастурларнинг ривожланишини қаранг?! Улар орқали бугун ижод аҳли тугул кўплаб соҳа вакилларининг оғири енгил бўлмоқда! Минглаб километрларни сониялар ичида “босиб ўтиб”, жойингизда туриб, анча-мунча ишни ҳал қилиб қўйишингиз мумкин-да!
“Отим Мажнун” – Озодбекнинг эндигина “тандирдан узилган” таронаси. Қўшиқ “Бобур” альбомидан ўрин олган бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ғазали билан куйлаган. Қўшиқ мусиқаси эстрада ва миллий куйларни уйғунлаштиради.
Озодбекнинг овоз имкониятлари кенгроқ очилган ушбу таронани тинглаб, шундай хулосага келдикки, унинг шунча йиллик ижоди бир томон-у, янги альбомидаги қўшиқлари бир томон! Ижодингиздаги янги саҳифа муборак, Назарбеков! Ижодда мукамаллик сари интилиш доимий ҳамроҳингиз бўлсин!
Жасур ҲАМРОЕВ
манба: shov-shuv.uz





