АсосийShou-biznes

"Ўзбеккино" МА сценарийлар танловини эълон қилди

Танловга юбориладиган адабий сценарийларда қуйидаги ғоялар ишонарли ва юқори бадиий савияда акс эттирилиши лозим:

- юртимизда мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, ижтимоий-маърифий жабҳаларда рўй бераётган улуғвор ўзгаришлар;

- миллатимизга хос эзгу фазилатлар, шунингдек, чуқур тарихий илдизларга эга бўлган қадриятларимиз улуғворлиги;

- ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишлари, маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондиришлари, ватанпарварлик ва халқпарварлик тушунчаларини, умумбашарий ва миллий қадриятлар мазмун-моҳиятини теран англаб етиши учун хизмат қиладиган ибратли ҳаётий сабоқлар;

- азалдан халқимиз учун муқаддас бўлмиш оиланинг ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини эканлиги;

- ўзбек халқига хос бўлган кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш сингари эзгу қадриятлар, шунингдек нуроний отахон ва онахонларнинг  ибратли ҳаёти акс эттирилган бўлиши;

-  она Ватан ва халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган, адолат ва эзгуликни мардона ҳимоя қилаётган, ёвузлик ва хиёнатга муросасиз, эътиқоди мустаҳкам, қатъиятли ва ғурури баланд замондошлар образи ўз ифодасини топиши лозим.

 Шунингдек, ўзининг эзгу фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлаётган замондошларимиз сиймоси акс эттирилган ҳамда бой маданий-тарихий меросимиз, халқ оғзаки ижоди (эртаклар, масаллар, достонлар, маталлар) намуналари асосида ёзилган адабий сценарийлар, кенгайтирилган синопсислар ҳамда “Зумраша” болалар юмористик киножурналига болалар учун тарбиявий аҳамиятга эга, қувноқ сюжетлар ҳам танловга қабул қилинади.

Танловга тақдим этиладиган адабий сценарийлар ва кенгайтирилган синопсислар замонавий талаблар даражасида, юқори профессионал маҳорат билан ёзилиши, уларда миллий руҳ ва миллий колорит, зиддиятлар, психологик ҳолатлар ҳаққоний ва тўлақонли акс эттирилиши, персонажлар тили жонли ва тўкис бўлиши, сюжет, композицион қурилишда, драматизм ва воқеа-ҳодисалар динамикасида мувозанат сақланиши лозим.

Танловда  кинодраматурглар, ёзувчи-шоирлар  билан биргаликда сценарий ёзиш борасида етарлича тажрибага эга бўлган барча хоҳловчи ижодкорлар иштирок этишлари мумкин.

Танлов 2014 йил 30 ноябрга қадар давом этади. Ғолиб деб топилган адабий сценарийлар ва кенгайтирилган синопсислар бадиий, ҳужжатли ва мультипликацион фильмлар суратга олиш учун тавсия этилади.

Танловга тақдим этиладиган адабий сценарийлар ва кенгайтирилган синопсислар белгиланган тартибда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш идораси томонидан рўйхатга олинган бўлиб,  ўзбек тилида, икки нусхада, компьютер ёки машинкада А-4 форматда, 1,5 интервалда кўчирилган бўлиши лозим. Танловга юбориладиган бадиий фильмлар адабий сценарийларининг ҳажми 40 саҳифадан, кенгайтирилган синопсисларнинг ҳажми 10 бетдан, мультфильм адабий сценарийларининг ҳажми 16 саҳифадан, ҳужжатли фильмлар сценарийларининг ҳажми 8 саҳифадан, “Зумраша” болалар юмористик киножурналига мўлжалланган сюжетларнинг ҳажми 4 саҳифадан ошмаслиги керак.   

Адабий сценарийлар ва кенгайтирилган синопсислар Агентликнинг info@uzbekkino.uz электрон манзили орқали электрон шаклда ҳам юборилиши мумкин. Адабий сценарийлар ва кенгайтирилган синопсислар Танлов комиссиясига юборилаётгани қайд этилиши лозим.

Танловга тақдим этилган адабий сценарийлар тақриз қилинмайди ва муаллифларга қайтарилмайди.

    Бошқа янгиликлар