Қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб бераётган Самарқанддаги «Санжар газ сервис» хусусий корхонаси кимларнидир паноҳи остида ўзининг ноқонуний фаолиятини давом эттирмоқда, дея хабар қилади 12news.uz.
Автомашина газга қайта жиҳозланиб, ўрнатилган газ баллони гидравлик синовдан ўтказилганлиги ҳақидаги сохта ҳужжатларни ва ҳайдовчининг техника хавфсизлиги бўйича ўқиганлиги тўғрисидаги гувоҳномани «Санжар газ сервиз» корхонасидан пулга сотиб олиш мумкин.
«Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари шахобчаларини ривожлантириш ҳамда автотранспорт воситаларини суюлтирилган ва сиқилган газга босқичма-босқич ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 10 февралдаги 30-сонли карорига асосан Автотранспорт воситаларини экологик тоза ёқилғи турлари билан ўз вақтида таъминлаш, автомобиль бензинини улар билан алмаштириш, республиканинг транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида суюлтирилган ва сиқилган газдан фойдаланиш ҳажмини тегишли равишда кўпайтириш, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станциялари шахобчаларини ривожлантириш белгилаб берилган.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда мингдан ортиқ газ қуйиш шахобчалари очилган бўлиб, 800таси суюлтирилган газ ва 350таси сиқилган газ тўлдириш компрессор шахобчалари ҳисобланади. Демак, газга ўтказилган автотранспорт воситалари ҳам шунга мос равишда кўпайиб бормоқда. Бировлар бу соҳада амалдаги қонун ва қарорлар асосида фаолият юргизаётган бўлса, бошқалар устамонлик билан қонун талабларини писанд қилмасдан, яхшигина даромад қилишмоқда.
Ушбу масала бўйича ўзига хос журналист текшируви ўтказиб, қуйидагиларни аниқладим. Шахсий машинам йўқлиги сабабли бир танишимнинг техник паспортини олиб, Туркистон кўчасида жойлашган дўконга бордим ва Шуҳрат Ҳамзаев исмли кишига учрашдим. Унга бундан 4-5 ой олдин укам шу дўкондан газ ускунаси сотиб олганлигини ва энди шу ускунани унинг машинасига қўйдирмоқчи эканлигимни айтдим. Шуҳрат машина ва ускунани келтириш кераклигини таъкидлади. Унга укам Россияга кетиб қолганлигини ва менга бу иш учун 30 минг сўм пул қолдирганлиги айтганимда, у мендан пулни санаб олди-да, муҳр ва имзолар қўйилган тайёр бланкаларга гувоҳнома ва далолатнома ёзиб берди.
Ушбу сохта ҳужжатларда автомашина «Санжар газ сервиз» корхонасида газга қайта жиҳозланиб, газ баллони гидравлик синовдан ўтказилганлиги уқтирилган эди. Ҳайдовчининг техника хавфсизлиги бўйича ўқиганлиги ҳақидаги гувоҳномани ҳам зарур эканлигини айтганимда, Шуҳрат бунинг учун яна 20 минг сўм тўлашим кераклигини билдирди. Пулни олиб, гувоҳномани ёзиб берди.
Гувоҳномада «Санжар газ сервис» корхонаси муҳри босилган, аслида эса сурат ёпиштирилгандан кейин унинг устидан муҳр босилиши керак эди. Суратсиз гувоҳномани олдим, кейин суратини ёпиштираман дедим. Илгарилари Москвадаги метро бекатларида ёки Қозон вокзалида турли хил ҳужжатларни сотиб олиш мумкин деб эшитган эдим. Аммо биров ўзимизда ҳам оддий дўконда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси расмий ҳужжати сотилади деса, ҳеч ишонмаган бўлардим.
Текшириб аниқлаганларим ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармасига шикоят-ариза билан мурожаат қилдим. У ердан аризамни шаҳар бўлимига юборишди. Шаҳар бўлими томондан берилган жавобда, жумладан шундай дейилган: «Санжар газ сервис» ХК раҳбари Маликов Санжар ва бошқаларга нисбатан бўлим томонидан 2014 йил 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 209-моддаси 1-қисми аломатлари билан жиноят иши кўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда».
Шундан сўнг иш шаҳар прокуратурасига оширилганлигини қулоғимга чалинган эди. Шаҳар прокуратурасидан ҳеч қандай жавоб бўлмади. Уч ойдан кейин прокуратурага ёзма равишда мурожаат қиламан деб турганимда, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судидан қўнғироқ қилишди. Фақат бир марта суд жараёнида қатнашдим. Ҳукмни олганимдан кейин суд 2014 йил 17 ноябрда тугаганидан хабардор бўлдим.
Ҳукмдан тегишли жойини келтирмоқчиман: “Судланувчи Маликов Санжар Алишерович Ўзбекистон Республикаси ЖК209-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилсин.
Судланувчи Маликов Санжар Алишерович Ўзбекистон Республикаси ЖК209- моддасининг 1-қисми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг71-моддасига асосан жазодан озод этилсин.
Судланувчи Ҳамзаев Шуҳрат Мирхасанович Ўзбекистон Республикаси ЖК 28,209-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилсин.
Судланувчи Ҳамзаев Шуҳрат Мирхасанович Ўзбекистон Республикаси ЖК 28,209-моддасининг 1қисми билан Ўзбекистон Республикаси ЖК 71-моддасига асосан жазодан озод этилсин”.
Юқоридагиларни ўқиб, ҳеч нарсани тушунмадим. Судланувчилар бир томондан айбли деб топилмоқда, иккинчи томондан жазодан озод этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 209-моддасининг 1-қисмида мансаб сохтакорлиги, яъни мансабдор шахснинг ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларини кўзлаб, расмий ҳужжатларга била туриб, сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиши, ҳужжатларни қалбакилаштириши ёки била туриб, сохта ҳужжатлар тузиши ва тақдим этиши, фуқароларнинг ҳуқуқларини ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз баробаридан уч юз баробаригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқукдан маҳрум килиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, дейилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 71-моддасида айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш кўрсатиб ўтилган. Балки судья судланувчилар ҳақиқатдан ҳам ўз қилмишларига пушаймон бўлишди, қайтиб бунақа ишларни қилишмайди, деб шундай ҳукм чиқаргандир.
Аммо мен уларнинг бу даражада ўзгарганликларига ишонмаганлигим сабабли яна «Санжар газ сервис»нинг шўъба корхонасига боришимга тўғри келди. Давлат рақами 30 320 ТАА «Дамас» русумли автомашина ҳайдовчиси ҳамда бошқа журналист ҳамкасбим билан бирга корхонага бориб, машинанинг газ баллонини гидравлик синовдан ўтказиш 50-60 минг сўм, фақат қоғозда синов ўтказилди, деб ҳужжатни тўлдириб бериш 20 минг сўм туришини аниқладик. Биз ҳам 20 минг сўм бериб, расмий ҳужжатни сотиб олдик.
Корхонанинг дарвозасида катта қилиб «Санжар газ сервис» деб ёзиб қўйилган бўлса-да, бланка ва муҳрда «Шаҳрисабз газ сервис» шўъба корхонаси кўрсатилган. 336 – сонли далолатномани 2014 йил, 26 декабрда тўлдириб беришди. Агарда айбдорлар ўз қилмишига пушаймон бўлганлиги шу бўлса, жазодан қутилиб яна ўша ҳолатлар такрорланаётган бўлишса, унда менинг шунча қилган меҳнатим, булар билан олиб борган ишларим натижасиз қолиб кетадиганга ўхшайди. «Ит акиллайди, карвон ўтаверади» деганларидек илгаригидай Санжар Маликов ўз ишини давом этаверса, Шухрат Ҳамзаев дўконида фаолияти олиб бораётгани бежиз бўлмаса керак?
Мен аризамда Шуҳрат Ҳамзаевнинг «Санжар газ сервис» корхонаси билан қандай алоқаси борлиги ҳамда «Санжар газ сервис» ХКнинг Давлат стандартлаштириш идораларидан аккредитацияси бор-йўқлиги, “Саноатконтехназорат” ташкилотидан рухсатнома олгани ёки йўқлиги ва газ баллонини гидравлик синовдан ўтказадиган лабораторияси бор-йўқлигини аниқлашларини сўраган эдим. Бу саволлар жавобсиз қолиб кетди, фақат судда Санжардан сўраганимда, “энди ташкил қиламан” дея жавоб берган эди.
Масалан, “Эхо угол сервис” корхонасида бўлиб, унинг ишлари билан танишдим. Корхонада барча керакли рухсатномалар бор экан ҳамда лаборатория ва у ерда ишлайдиган мутахасислар амалдаги талабларга жавоб беришларига амин бўлдим. Фақат шундай шароити бор корхонада газ ускунасини қўйдириш ёки гидравлик синовдан ўтказиш мумкин. Фақат шундагина автомашинани қўрқмасдан ҳайдаса бўлади. Худди шундай ҳайдовчиларни техника хавфсизлиги бўйича ўқитиб, кейин гувоҳнома берилиши мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда ҳайдовчи фавқулодда вазият юз берганда, масалан газ ҳидини сезиб қолса ёки газ қуйиш шахобчасида бирор ҳодиса юз берса, нима қилишини билмасдан қолади. Натижада кўнгилсиз ҳолатлар юз беради, автомашина портлаб кетиши мумкин.
Санжар ва унинг шериклари нафақат расмий ҳужжатларни сохталаштириш билан шуғулланишмоқда. Улар, шу билан бирга, давлат ва жамиятга катта зарар етказишмоқда. Шуларни инобатга олиб, уларнинг иши билан мутасадди ташкилотлар жиддий шуғулланишлари мақсадга мувофиқдир.





