Мухлислар санъаткорларнинг баъзи бир жиҳатларини — қўшиғи, клипи ёки хатти-ҳаракатларини танқид қилишади. Ўз фикрини хонандаларга очиқ-ойдин айтиб, уларнинг шахсан ўзидан жавоб олишни истайдиганлар ҳам бор. Лекин ҳар доим ҳам бунинг иложи бўлавермайди...
“Даракчи” газетаси мухлисларнинг айнан шу истагини амалга оширишга бел боғлади. Энди янги “Мухлис ва Юлдуз” лойиҳаси орқали ўзингиз ёқтирган ва ёқтирмаган хонандалар билан учрашиб, улардан интервью олишингиз мумкин. Лойиҳамизнинг илк меҳмони эстрадамизнинг ёш ва таниқли хонандаси Жасур УМИРОВ.
Унга ўзининг эътирозларга бой саволларини Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Бухгалтерия факультети, 4-босқич талабаси Шерзод Усмонов беради. Кўрайлик-чи, Жасур Умиров мухлиснинг саволларига қандай жавоб берар экан?..
- Мухлисингиз бўлсам-да, сизга нисбатан танқидий фикрларим анча-мунча. Нега нуқул бақириб қўшиқ айтасиз, услубингизни ўзгартириш вақти келмадими?
– Тўғри, қўшиқларимнинг деярли барчасини бақириб куйлайман. Албатта, бошқача йўналишда ҳам айтиб кўрдим. Аммо мухлисларга манзур келмади. Ўзимнинг услубимда қўшиқ куйласам, негадир кутилмаган даражада оммалашиб кетади. Шундан сўнг санъаткор ўз услубидан чекинмай қўшиқ айтгани маъқул экан, деган хулосага келдим. Шунда ўз ўрнини йўқотмайди.
– Демак ўз йўналишимга эгаман, демоқчисиз?
– Ҳа.
- Яқинда Ватан ҳақидаги қўшиғингизга олинган клипни кўрдим. Унда Ватанга бўлган меҳрни кўрсатадиган лавҳалар йўқ...
– Тўғри, бу клипда хатолар кўп. Менимча оператор, монтаж усталари ва режиссёрлар мендаги ҳис-туйғуларни клипда чиқариб бера олишмади. Бўлмаса, ватанга бўлган муҳаббатимни , актёрлик маҳоратимни ишга солган ҳолда куйиб-ёниб кўрсатганман. Улар билан биринчи маротаба ишлаганимиз учун мени яхши тушунишмади, назаримда.
– “Миллион” жамоаси сизни пародия қилганини кўрдик. Очиқ-ойдин устингиздан кулишган. Наҳот индамадингиз?
– Қизиқчилик уларнинг касби. Қолаверса, ҳамма замонларда ҳам қизиқчилар машҳурларни пародия қилишган.
– Бу нарса сизга бачкана туюлмайдими?
– Агар шахсиятга тегадиган гапларни айтишса, албатта жаҳлим чиақди... Лекин енгил ҳазилларга хафа бўлиб ўтирмайман, биргалашиб кулиб кетавераман.
– Одамлар сиз ҳақингизда нималар дейишига сира қизиққанмисиз?
– Албатта. Уларга қандай қўшиқ ёқяпти, қайси бири ёқмаяпти деб қизиқиб, билиб тураман Ён-атрофимдагилар ҳамма гапни етказиб туришади.
– Айтаётган қўшиқларим ҳаммага ёқяпти деб ўйлайсизми?
– Баъзан ўзимга маъқул келмаган қўшиқларим хит бўлиб кетади. Масалан “Одамларнинг тўйларида” номли қўшиғимни ўзим учун айтган бўлсамда, ўзимга у қадар ёқмади. Унга клип олмоқчи бўлишганида ҳам рози бўлмаганман. Лекин қўшиқ чиққач, бир ҳафта ўтар-ўтмас хитга айланди.
– Миллий руҳда, бақир-чақир қилмасдан қўшиқ куйлай оласизми?
— “Атиргул” номли маҳзун қўшиқ айтдим-ку! (қизишиб). Лекин одамлар уни қабул қила олишмади. Бу Жасур Умировга ярашмаган қўшиқ бўлибди дейишди. Тўғри, балки ўз мухлисларини топгандир. Аммо хит бўлмади. Ўйлашимча, қўшимларимда фақат бақиришим керак (кулади).
– Самарқандликсиз, агар тўйга чақириб, “Самарқанд ушшоғи”ни айтиб беришингизни сўрашса, куйлай оласизми?
– Йўқ, бу қўшиқ жуда мураккаб. Очиғини айтаман, куйлай олмайман. Чунки бундай ашулаларни маромига етказиб айтолмасангиз, яхшиси қўл урмаганингиз маъқул.
– Қачон жонли ижрода концерт бермоқчисиз?
– Қачонки ўзимдаги ҳаяжонни енга олсам. Чунки ҳар сафар «Истиқлол» санъат саройи саҳнасига қадам боссам, ҳаяжонланганимдан оёқларим қалтираб, тилим қуриб қолади. Бундай вазиятда эса жонли ижрода куйлаш қийин. Бироқ ният бор, келаси йил бериладиган концертимда юз фоиз бўлмасада, ўнга яқин қўшиғимни жонли ижрода куйламоқчиман. Чунки ўзим ҳам томошабин сифатида, жонли ижрода куйлайдиган санъаткорларнинг концертига киришни истайман.
– Айтишларича, бир устоз санъаткор, “Агар шу бола қўшиқчи бўлса, мен санъатдан чиқиб кетаман” деган экан. Сизга нисбатан бундай фикр билдирилишига нима сабаб бўлган ва у санъаткор ким?
– Тўғри, бу бўлган гап (хўрсиниб). Устоз санъаткор тўғри қилган эканлар. Агар шундай демаганида бу кунларга етиб келмасмидим. Балки айни шу гап учун қўшиқ айтишга қаттиқ бел боғлагандирман. Бундай дейишларига эса масъулиятсизлигим сабаб бўлган. Чунки кўп дарс қолдирардим, дангаса эдим... У санъаткор кимлигини эса айта олмайман, бу менинг тарбиямга тўғри келмайди!
– Олдиндан белгилаб қўйилган бугунги суҳбатга бир ярим соат кечикиб келганингизга қараганда ҳали ҳам масъулиятсизлигингиз қолмапти-да?
– Ишлар бироз билан ушланиб қолдик... Узр.
– Ҳозир кўпгина санъаткорлар вилоятлардаги тўй хизматларига қимматроқ ҳақ эвазига боришяпти... Сизнинг “ставка”нгиз қанча?
–Тўғриси, мен бу масалаларга аралашмайман. Продюссер ва маъмурларимиз бор, улар ҳал қилишади. Шу саволни берганингиз учун айтмаяпман, баъзан шундай вазиятлар бўлганки, шароити кўтармаган мухлисларимиз илтимос қилишганда тўйига текинга хизмат қилганмиз. Мусиқачиларга ҳам ҳақини ўз чўнтакимдан тўлаб берганман.
– Кўпгина ёш санъаткорлар машҳур бўлиб, пули кўпайгач ўзгариб қолади. Сизда ҳам шу ҳолат бўлганми?
– Албатта, бу менда ҳам кузатилган. Ўйлашимча, бу пул кўпайгани билан боғлиқ эмас. Аксинча атрофидаги одамлар ва турмуш тарзи ўзгарганидан деб биламан. Санъаткор атрофига яхши жамоа йиғилишида ҳам гап кўп. Шунда ижоддан чалғимайди, ортиқча гап-сўзлар ҳам кўпаймайди.
Якуний фикр:
Шерзод УСМОНОВ (талаба): – Жасур Умировда кибр ва манманлик йўқлиги менга маъқул бўлди. Бундан ташқари оғир-вазминлигига ҳам қойил қолдим, бошқа бир санъаткор бўлганида, бу саволларимдан қизишиб, уришиб бериши турган гап эди.
Жасур УМИРОВ: – Бу лойиҳа менга жуда маъқул бўлди. Очиқ-ойдин, дангал саволлар. Баъзи журналистлар эмас, мухлисларнинг саволларига ҳам жавоб бериб туриш керак экан. Қизиқ, лойиҳанинг кейинги меҳмони ким бўларкан, ҳамкасбларим мухлисларининг кескин саволларига қандай жавоб беришларини билиш мен учун қизиқ. Энди бу лойиҳани кузатиб бораман.
Лойиҳа муаллифи Ҳидоят САДРИДДИНОВ ёзиб олди.
Фотомухбир Темур





