АсосийShou-biznes

2014 ЙИЛ: ЮЛДУЗИНИ ТОПГАН 14 ЮЛДУЗ

Ўз якунига етган 2014 йилда санъат олами вакилларининг нафақат ижоди, балки шахсий ҳаёти ҳам унутилмас воқеалар билан бойиди. Мазкур йил ўтган йилги сингари тўйлар мавсумига бой бўлмаса-да, ўз жуфтини топишдек бахтга эришганлар талайгина. Ўтаётган йилни сарҳисоб қилар эканмиз, анъанани четлаб ўтмаган ҳолда ҳар бир қувончли воқеага бирма-бир тўхталиб ўтишни жоиз топдик...

1. Хонанда, бастакор ва шоира Нигина НАБИЕВА январ ойининг биринчи ярмида Одилжон билан висол оқшомини нишонлашди. Кўплаб хонандаларнинг “хит” қўшиқлари муаллифи Нигина оналик бахтига эришиш арафасида.

2. Бу йил ўз ижоди билан эътиборга тушиб, “Эътироф-2014”нинг “Йилнинг энг фаол гуруҳи, ансамбли, оркестри” номзодлари қаторидан жой олган «Афруз» гуруҳи аъзоларидан бири Музаффар БОБОХОНОВ 1 май куни уйланди.

3. Режиссёр Рустам Саъдиевнинг “мактаб”ида таҳсил олган ёш режиссёрлардан бири Дилмурод АГЗАМОВ бўйдоқлар сафини тарк этиб, 3 май куни Моҳинур билан бахт тўйини ўтказишди.

4. “Ёшлар” телерадиоканалининг “Кўзмунчоқ” кўрсатуви муаллиф ва бошловчиси Мафтуна ТОЖИБОЕВА 24 август куни висол оқшомини нишонлади.

5. «Гранд» радиосининг бош муҳаррири ва бошловчиси Иброҳим АҲМЕДОВ 25 август санасида севган қизига уйланди.

6. Санъат “ошхона”сида ижод қилиб, барчага бирдек ҳуш ёқувчи “таом”лар тақдим этишга уринаётган ёш хонанда Ботир ЯМИНОВ 2 сентябрдан бошлаб, чин маънодаги ошхона юмушларини Нигорахонга топширди.

7. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файзнинг укаси — хонанда Хуршид ТУРДИЕВнинг елкасига 2 октябрь куни олахуржун тушди. “Яхши қиз иннайкейин, розимисиз, иннайкейин? Айтганингиз айтган, деганингиз деган, жиловингиз тортаман тўйдан кейин”, дея хониш қиладиган Хуршид, хонанда Баҳром Назаровнинг клипида суратга тушган Нилуфархонга уйланди.

8. Хуршид Турдиевнинг тўйида меҳмон бўлиб, эртасига ўзи ҳам тўй қилган “Тошкентнинг шўх қизи” Дилфуза Исмоилова 3 октябрь санасида ўғли Сардор ИСРОИЛОВни уйлантирди.

9. 21 октябрда собиқ «Беном» гуруҳининг аъзоси САРВАР Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида танишган қизи Дилафрўзга уйланди.  

10. Кутилмаганда қарорлари билан шоу-бизнес вакилларини ҳайратга солган клипмейкер Санжар МАТКАРИМОВ ва хонанда РУХШОНА 2 ноябрь куни турмуш қуришди.

11. «Лайло, опанг қани» ва «Муяссархон» номли қўшиқлари билан эътиборга туша олган хонанда Зуҳриддин БАХРИДДИНОВ хонанда Ҳосила Раҳимованинг қизига уйланди. Тўй 3 ноябрь куни Тошкент, 6 ноябрьда эса Наманганда бўлиб ўтди.

12. 5 ноябрь устозода санъаткорлар Гулчеҳра ва Лутфулла Саъдуллаевлар учун унутилмас кун бўлди. Боиси кенжа қизи Муқаддас САЪДУЛЛАЕВА актёр Санжар ҒАНИЕВга турмушга чиқди.

13. Фильмлардаги роллари ва айниқса хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Чақалоқлар” қўшиғига ишланган клипидаги таъсирчан ижроси орқали яхши таниш бўлган актриса Шаҳло ТЕМИРОВА 4 октябрь санасида бахт остонасига қадам қўйди.   14. “Тарона-рекордс” овоз ёзиш студиясининг “art” директори, хонандалар Шаҳзода ва Нилуфар Усмонованинг иш юритувчиси Даврон МУҚИМОВ 27 ноябрда  Малика билан оила қурди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар