АсосийJamiyat

«Тошкент» халқаро аэропортига иккинчи «Boeing-767-300BCF» самолёти келиб қўнди

«Тошкент» халқаро аэропортига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси учун йўловчи ташишдан юк ташишга қайта жиҳозланган иккинчи «Boeing-767-300BCF» самолёти келиб қўнди, дея хабар қилмоқда ЎзА.
Бугун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси халқаро авиаташишлар бозорида етакчи ўринни эгаллаб турибди ва қисқа вақт ичида қитъанинг ишончли ҳамда жадал ривожланиб бораётган авиакомпаниялари қаторига қўшилди. Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани самарасида соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, жаҳон стандартларига мос, замонавий моддий-техник база ва юқори малакали ходимларга эга қудратли фуқаро авиацияси ташкил топди.
Миллий авиакомпаниядан олинган маълумотларга кўра, ушбу юк самолёти ҳам биринчиси каби «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва «Boeing» компанияси ўртасида тузилган шартномага биноан иккита йўловчи ташувчи «Boeing-767-300ER» самолётини юк ташиш учун мўлжалланган «Boeing-767-300BCF» ҳаво кемасига қайта жиҳозлаш лойиҳасини амалга ошириш доирасида тайёрланган. Халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, йўловчи лайнерларини юк ташувчи самолётларга қайта жиҳозлаш ҳаво кемаларидан самарали фойдаланишни давом эттиришга ёрдам беради.
Бу лойиҳа мамлакатимиз ҳукуматининг молиявий ёрдамида амалга оширилди. Лойиҳанинг мақсади «Навоий» аэропорти базасида халқаро интермодаль логистика марказини ривожлантириш, миллий авиакомпаниямизнинг юк ташиш ҳажмини ошириш учун халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган замонавий юк ташувчи самолётлар паркини ташкил этишдир.
Дастлаб ушбу самолётлар ускуналари «Uzbekistan Аirways Тechnics» корхонасида қайта монтаж қилинди – йўловчи ўриндиқлари ва бошқа таркибий қисмлар олиб ташланди. Сўнгра бу ҳаво кемалари Сингапурдаги «SASCO» компаниясининг авиатаъмирлаш базасида «Boeing» компанияси томонидан қайта жиҳозланди.
Иккинчи «ВС Boeing-767-300BCF» самолётини қайта жиҳозлаш ишлари жадвал бўйича якунланди ва авиалайнерни тегишли текширувлардан сўнг Миллий авиакомпаниямиз мутахассислари қабул қилиб олди.
Қайта жиҳозланган юк ташувчи лайнерларда «Навоий» халқаро аэропортидан Дубай, Тянь-Цзинь, Франкфурт, Деҳли ва бошқа шаҳарларга ҳафтасига ўртача 13 марта ҳаво қатновини амалга ошириш режалаштирилмоқда. 53 тоннагача юк ташиш имкониятига эга ушбу ҳаво кемаларининг шовқин чиқариш бўйича тўртинчи даража сертификатига эгалиги (Stage 4 Noise Level) уларга тунги вақтда учиш чекланган аэропортларда ҳам учиш-қўниш имконини беради. 

    Бошқа янгиликлар