АсосийShou-biznes

“Тошкент қувончлари” халқаро биенналеси очилди

Ёшлар ижод саройида “Тошкент қувончлари” V халқаро болалар расмлари биенналеси очилди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Ўзбекистон Бадиий академияси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Ташқи ишлар ҳамда Халқ таълими вазирликлари томонидан ташкил этилган ушбу халқаро кўргазманинг очилиш маросимида маданият ва санъат намояндалари, ўқувчи- ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида таълим ва ёш авлодни соғлом ҳамда баркамол этиб тарбиялаш, ёш истеъдод соҳибларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда ташкил этилаётган танлов ва бадиий кўргазмалар истеъдодли ўғил-қизларни аниқлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
2006 йилдан буён ўтказилиб келинаётган “Тошкент қувончлари” халқаро биенналесининг асосий мақсади болалар ижодини қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратишдан иборат. Биеннале хорижий давлатлар ёшларининг халқимиз ҳаёти, миллий анъаналар ва қадимий шаҳарларимиз ҳақидаги тасаввурини бойитишга кўмаклашмоқда.
Бу галги кўргазмада ўзбекистонлик ёш рассомлар билан бирга АҚШ, Хитой, Қозоғистон, Россия, Малайзия, Латвия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Миср, Исроил, Франция каби дунёнинг 26 мамлакати болаларининг уч мингдан ортиқ ижодий ишлари намойиш этилмоқда. Уларнинг ижодий ишлари “Болалар дунёси”, “Менинг Ватаним”, “Мен яшаётган дунё”, “Менинг орзуим” ва “Ўзбекистон менинг нигоҳимда” каби мавзуларга бағишланган.
Саккиз ёшли Самира Шуҳратбекова ушбу биенналеда иккинчи марта иштирок этмоқда. Унинг аввалги ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб, ЮНИСЕФ томонидан нашр этиладиган “Болалар дунёни чизади” альбомига киритилган.
– Расмларимда Ватанимиз табиатини тасвирлаганман, – дейди С.Шуҳратбекова. – Кўргазмада юртимиз ва бошқа мамлакатлардаги тенгдошларим ижоди, уларнинг орзулари ва Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурлари билан танишмоқдаман.
Кўргазманинг ёпилиш маросимида топшириладиган Гран-при биеннале иштирокчилари учун олий мукофот ҳисобланади. Шунингдек, турли номинациялар бўйича еттита олтин, кумуш ва бронза медаллари тўплами топширилади.
“Тошкент қувончлари” халқаро биенналесининг очилиш маросимида болалар ижодий жамоаларининг концерт дастури намойиш этилди.

    Бошқа янгиликлар