Андижон шаҳрида Янги йил байрами арчалари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Андижонда ҳам Янги йил байрами шукуҳи кезмоқда. Меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида турли байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Аҳолининг байрам дастурхони янада тўкин бўлиши, уларни сифатли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида вилоят ва барча туман марказларида байрам ярмаркалари ташкил этилди.
Қайта ишлаш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичиликка ихтисослашган хўжаликлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этаётган ярмаркаларда она заминимизда етиштирилган саксонга яқин турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидорларга таклиф этилаётир.
Байрамолди ярмаркаларида маҳсулотлар нархининг бозорга нисбатан арзонлиги аҳолига манзур бўлмоқда.
19.12.2014 07:38





