2014 йилнинг 11—13 декабрь кунлари Хитойнинг Хайкоу шаҳрида 23 - Бутунжахон Хотира чемпионати бўлиб ўтди. Унда ҳамюртимиз 168 мамлакат орасида 22-ўринни эгаллади, деб ёзмоқда uz24.uz нашри.
Вакилимиз Ҳусниддин Исмоилов 1 соатда 1 минг 460 та, 5 дақиқада 240 та рақамни эслаб қолишга эришди. Бу билан 2015 йилда Сингапурда ўтказиладиган навбатдаги чемпионатга йўлланма олди. Мазкур чемпионат вакилимизга Халқаро хотира спорти устаси деган унвонга эга бўлиш имконини беради.
Бу ҳақда ўзбекистонлик мнемонист, икки карра Бутунжахон Хотира чемпионати иштирокчиси Шоҳруҳ-Мирзо Раҳмонов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида хабар қилган. Унинг маълум қилишича, мазкур мусобақага у ҳакам сифатида таклиф қилинган.
Маълумотларга кўра, эрамиздан аввалги VI асрдаёқ Пифагор Самосский “мнемоника”, “мнемотехника” ибораларининг келиб чиқишига асос бўлган “mnemonikon” («эслаш санъати») сўзини ўйлаб топди. Ўша пайтлари мнемотехника нотиқлик санъатига хизмат қилиб, - улкан маърузаларни ёддан айтишга ёрдам берарди.
Тарихда ёдда сақлашнинг ажойиб қобилиятига эга бўлган шахслар кўпчиликни ташкил этади. Мисол учун, Искандар Зулқарнайн, Наполеон Бонапарт, қадимий форс ҳукмдори Кир ва Александр Суворов ўз аскарларини номма-ном билишган.





