АсосийShou-biznes

“Мустақиллик тенгдошлари” номли кўргазма иш бошлади

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан “Мустақиллик тенгдошлари” номли кўргазма ташкил этилди. Унда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари Сарвиноз Қосимова ва Бахтиёр Серекеевнинг ижодий ишлари намойиш этилмоқда.
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни вояга етказиш, ёш иқтидор эгаларини кашф этиш ва уларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур қарор ва “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида 2014 йилда кўплаб ёш мусаввирларнинг ижодий кўргазмалари ташкил этилди. Мазкур лойиҳалар давомида ёш ижодкорларнинг маҳорати мутахассислар томонидан баҳоланди, уларга санъат сирларини пухта эгаллашларида йўл-йўриқлар берилди. Ушбу кўргазма ҳам шундай тадбирлардандир.
С.Қосимова чизган расмларда аёлларга хос нафис туйғулар ўз ифодасини топган. “Сўқоқ кўчалари”, “Сув ости мўъжизалари”, “Нурга тўлган боғ” каби асарларда ёш мусаввирнинг Ватанга бўлган меҳри, табиат гўзаллигига ошуфталиги яққол кўринади.
Б.Серекеевнинг “Тўйга”, “Менинг дардим, менинг умидим” каби ижодий ишлари ёрқин чизгилари, композицион жозибаси билан томошабинда катта таассурот қолдиради. Унинг асарлари ҳар йили Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ташкил этиладиган Тасвирий санъат ҳафталиги ва “Табиат ва рассом” кўргазмаси экспозицияларида намойиш этиб келинмоқда.
– Она диёримизнинг гўзаллигини асраш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир, – дейди Бахтиёр Серекеев. – Шу боис чизган расмларимда табиатнинг бой неъматларини қадрлаш лозимлигини уқтиришга ҳаракат қиламан. Зеро, тоза экология саломатлигимиз гаровидир. 

    Бошқа янгиликлар