Жиззах шаҳридаги “Наврўзбулоқ” пойгагоҳида автокросс бўйича Ўзбекистон чемпионати финал мусобақалари бўлиб ўтди. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон миллий автомобиль федерацияси, Республика техник ва амалий спорт турлари маркази, Жиззах вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада Тошкент, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва мезбон Жиззах вилояти автоспорт усталари ўзаро куч синашдилар. Бу ҳақда olamsport.com нашри хабар беради.
“Багги” русумидаги автомобил ҳайдовчилари ўртасидаги баҳсда жиззахлик Ғайрат Одилов маррага биринчи бўлиб етиб келди. Иккинчи ўрин Самарқанд вилояти вакили Сухбат Обиджоновга, учинчи ўрин эса яна бир қашқадарёлик спортчи Спартак Рўзиевга насиб этди.
“А-7” русумли автомобиллар пойгасида тошкентлик Фарҳод Даминов биринчи, жиззахлик Бахтиёр Тошбоев ва Сарвар Тожиқуловлар эса иккинчи ва учинчи ўринни эгалладилар.
“А-8” русумли автомобиллар бахсида эса тошкентлик Ғофир Ҳусанов биринчи, спортчилар Суҳбат Обидов ва Жамол Зокировлар иккинчи ва учинчи ўринларни банд этдилар.
“Нексия” русумидаги автомобиллар мусобақасида Тошкент шаҳри вакили Рустам Муҳаммедов, Игор Газиянц ва наманганлик Элдор Эшматов кучли учликдан жой олди.
Умумжамоа ҳисобида йил якуни билан Жиззах вилояти жамоаси биринчи, Тошкент шаҳри спортчилари иккинчи ва самарқандликлар учинчи ўринни эгалладилар.





