АсосийShou-biznes

"Мусиқа ва ранг" кўргазмаси очилди

Тошкент Фотосуратлар уйида Маҳмуд Аҳмедовнинг «Мусиқа ва ранг» деб номланган кўргазмаси очилди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда тасвирий санъатнинг барча йўналишларини изчил ривожлантириш, ижодкорлар меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда тасвирий санъатга оид бебаҳо меросимизни асраб-авайлаш ва ўрганиш, уни келгуси авлодларга етказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ёшлар маънавияти, диди ва тафаккурини юксалтириш, бадиий таълимни такомиллаштиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётир. Бу жараёнда «устоз – шогирд» мактаби анъаналари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маҳмуд Аҳмедов Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида кўп йиллар давомида йигит-қизларга тасвирий санъат сирларидан сабоқ берган. У мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги кўргазмаларнинг фаол иштирокчиси. Мусаввирнинг меҳнати давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, у “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
– Юртимизда тасвирий санъатнинг қадимий ва бой анъаналарини тиклаш, унинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказишга алоҳида эътибор қаратилаётир, – дейди рассом. – Бу биз, ижодкорларнинг янада кўпроқ изланишимизга, янги-янги асарлар яратишимизга туртки бўлаётир.
Кўргазмага қўйилган картиналарда юртимизнинг мафтункор табиати, бунёдкор халқимиз, қишлоқ манзаралари акс эттирилган.

    Бошқа янгиликлар