АсосийDunyo

Ер юзида олтита оқ каркидон қолди

Кенияда 34 ёшли Суни лақабли каркидон нобуд бўлганидан сўнг шимолий оқ каркидонлар йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди. Ярим аср олдин ер юзида 2000 га яқин шимолий оқ каркидонлар мавжудбўлган бўлса, бугунги кунда улар бор йўғи олтита қолди: битта эракак каркидон ва бешта урғочи.

17 октябрь куни Кениянинг "Ол Педжета" қўриқхонасида 34 ёшли Суни лақабли каркидон нобуд бўлди: у вольерда табиий ўлим топган. Одатда каркидонлар 50-60 йилгача умр кўрадилар.
Суни 2009 йилда Чехия ҳайвонот боғидан олиб келинган бўлиб, у тутқунликда туғилган ягона каркидон эди. У билан бирга яна битта эркак ва иккита урғочи каркидон келтирилган эди. Олимлар табиий шароитда каркидонлар кўпайиши ва популяциянинг ошишига умид қилган эдилар. Бироқ Суни насл қолдирмади. Қўриқхона ходимлари мазкур тур йўқ бўлиб кетиш арафасида турганлигини айтиб ўтишди.
Шимолий оқ каркидонлар қирилиб кетишининг асосий сабаби – браконьерлик. 1960 йилда ер юзида мазкур турга мансуб 2250 та жонивор бўлган, улар Юқори Нил ҳавзаси атрофида жойлашган мамлакатларда яшаган. Орадан 20 йил ўтгач улар бор йўғи 15 та қолди, 2008 йилда эса ёввойи табиатда оқ каркидонлар қолмади. Сўнгги 8 та каркидон ҳайвонот боғларида сақланиб қолган эди. Кенияга олиб келинган тўртта каркидон олимларнинг сўнгги умиди эди. Ҳатто у ерда ҳам уларга хавф туғилди. 2011 йилда браконьерлар Сунининг шохини бир қисмини арралаб олдилар. Шундан сўнг ветеринерлар зарарланишнинг олдини олиш учун каркидон шохининг қолган қисмини ҳам олиб ташладилар. Энди ер юзида кўпая оладиган учта каркидон қолди. Шундай бўлсада, Кения қўриқхонаси ходимлари умидсизликка тушмадилар. "Ҳаракатларимиз бекор кетмаслигига ишонамиз ва бир куни насл оламиз деб умид қиламиз", - дейилади қўриқхонанинг расмий сайтида.

Турни кўпайтиришнинг муқобил усули жануб оқ каркидонлари орқали шимол оқ каркидонларидан насл олишдир. Шу йўл билан ер юзида филдан кейинги ўринда турувчи йирик жонивор бўлмиш шимол оқ каркидонининг генларини сақлаб қолиш мумкин.
Манба: Вести.Ru

    Бошқа янгиликлар