Тошкент шаҳар Яшнаобод туманида яшовчи фуқаро уйида маст ҳолда тамаки чекиб, ухлаб қолди ва оқибатда уйнинг 4 кв. метр майдондаги уй жиҳозлари ва эски буюмлари ёниб зарарланди. Ёнғин ўчириш вақтида уй эгаси тутундан димиққан ҳолда қутқарилди, бироқ тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келгунига қадар вафот этди.
Шунингдек, ИИВ хабарига кўра, самарқандлик фуқаро ҳам тамаки чекиб ухлаб қолиши натижасида уйнинг 36 кв. метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёнган. Ёнғин натижасида уй эгасининг куйган ҳолдаги жасади топилган.
Андижон вилоятида яшовчи фуқаронинг уйидаги ёнғин эса иситиш печидан кўмир чўғининг гиламга тушиши оқибатида содир бўлган ва 2 кв. метр майдонда уйнинг пол қисми ва ўрин-кўрпаси ёниб зарарланган. Ёнғин натижасида уй эгаси Қ.Холиқов куйиш тан жароҳати олган ҳолда шифохонага ётқизилган.
ИИВ қайд этишича, ўтган ҳафта мобайнида республикамиз ҳудудида 237 та ёнғинлар содир бўлган. Ушбу ёнғинларда 3 нафар фуқаролар тан жароҳатлари олишган ва 7 нафар фуқаролар халок бўлган. 1 млрд. 35 млн. 547 минг 218 сўмдан ортиқ қурилиш материаллари ва 819 млн. 858 минг 184 сўмга яқин моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган.





