“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида ҳиндистонлик инвесторлар иштирокида 2010 йили ишга туширилган “O’zMinda” корхонасида 4 русумдаги ўзбек автомобиллари учун спидометр, эшик дастаси ва қулф жамланмаси, автомобиль соати каби эҳтиёт қисмлар тайёрланмоқда.
Йилига 250 минг дона автокомпонентлар ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу корхона мамлакатимиз автосаноати тизимидаги муҳим бўғинлардан ҳисобланади.
Корхона томонидан жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 15 миллиард 280 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланди. 148 минг АҚШ долларилик эҳтиёт қисмлар экспорт қилинди.
Ўтган вақт мобайнида ҳудудда Хитой, Сингапур, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби саноати ривожланган мамлакатлар сармояси иштирокида бир қатор ишлаб чиқариш объектлари фаолияти йўлга қўйилди. Улар томонидан автомобиль саноати учун зарур эҳтиёт қисмлар, энергетика тизимида кенг фойдаланиладиган кабель, гигиеник воситалар, рақамли телемослама ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, деб хабар қилади ЎзА.





