АсосийJamiyat

Афғонистон фуқароси 42 дона қадимий тангаларни кийимига тугма сифатида қадаб, ўзбекистондан олиб ўтмоқчи бўлди

“Айритом” божхона комплекси орқали юртимизга кириб келаётган Афғонистон Ислом Республикаси фуқароси 42 дона қадимий тангаларни ноқонуний олиб ўтишга уринди, дея хабар беради uz24.uz нашри Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг ахборот хизмати хабарларига суяниб.

Афғонистонлик йўловчининг қўл юклари назорат-рентген аппаратидан ўтказилганда, кийим-кечакларнинг тугмалари одатдаги тугмалар тасвиридан фарқли эканлиги аниқланди. Шундан сўнг, кийимнинг тугмалари холислар иштирокида кўздан кечирилганда, улар гўёки тугма сифатида қадаб қўйилган, аслида эса қора бўёққа бўялган тарихий кумуш ва мис тангалар бўлиб чиқди. Фуқаронинг эгнидаги пальто ва шимига қадалган тугмалар ҳам ноёб тангалар бўлиб чиқди.

Суриштирув чоғида қоидабузар ушбу қадимий тангаларни ўзи истиқомат қилаётган уйи харобалари орасидан топиб олганлигини, тангалардан кийимларига безак сифатида фойдаланганлигини баҳона қилган.

Сурхондарё вилояти бадиий экспертиза бўлими ўрганиш хулосасига кўра, мазкур 42 дона қадимги тангаларнинг баъзилари миллоддан авалги II-III асрларга таалуқли бўлиб, Юнон-Бақтрия давлатида муомалада бўлган, баъзилари эса IX-X асрлардаги Сомонийлар давлатига тегишли эканлиги аникланди ва уларнинг қиймати салкам 16,5 млн. сўмга баҳоланди. Эндиликда қадимий танга ишқибозлари мазкур тангаларни Сурхондарё вилояти археология музейининг нумизматика бўлимида томоша қилишлари мумкин.

    Бошқа янгиликлар