АсосийJamiyat

Ишонч телефонлари ишончни оқлаяптими?

"Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинганига ҳам бир йилдан ортиқ муддат ўтди.

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида" ахборот олиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлаш, мансабдор шахслар томонидан қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини ошириш мақсадида қабул қилинган мазкур Қонун бугунги кунда қай даражада ўз самарасини бермоқда?

Қонун доирасида таҳририятимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўлга қўйилган, аммо ана шу фаолиятимиз жараёнида мутасадди идоралардан тегишли мурожаатларга жавоб олишда муаммолар юзага келмоқда. Айнан мана шу сабабли вазирликларда фаолият юритаётган “Ишонч телефонлари” мавзусига қайтишга  қарор қилдик. 

Жараёнга назар

Хўш, бугунги кунда вазирлик ва мутасадди ташкилотларда фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун ташкил этилган “Ишонч телефонлари” қандай ишлаяпти? Фуқароларимиз томонидан ушбу телефонларга қанчалик ишонч билдирилмоқда ва ушбу ишонч қай дараада оқланмоқда? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида ушбу вазирликларга хат орқали мурожаат қилдик.

Л.Тўйчиев, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:

“Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини тўлақонли ижросини таъминлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамни сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида, вазирликнинг марказий аппаратида ҳар ҳафтада, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларида ҳамда жойларда ҳар ойда ўтказиладиган кенгашларда ушбу масала муҳокамаси йўлга қўйилган. Мазкур Қонун талабларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида вазирлик раҳбарияти ва масъул ходимлар бириктирилган.

Шунингдек вазирлик томонидан фуқароларни сайёр қабул қилиш кунлари белгиланиб, учрашувлар ўтказилмоқда. Жумладан соғлиқни сақлаш вазири ва вазир ўринбосарлари томонидан ҳар бир вилоятда маҳаллий ҳокимият вакиллари билан ҳамкорликда 150 га яқин фуқаро қабул қилинди,  уларнинг муаммо ва эътирозларининг  ечими топилди. Шунингдек Қонун талабларининг ижроси Ягона Давлат интерактив хизматлар портали орқали амалга оширилиши йўлга қўйилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида “Ишонч телефони” фаолияти 2010 йилдан йўлга қўйилган. “Ишонч телефони” рақами (8-371) 239-47-95.

Бир кун мобайнида телефон орқали 2 дан 5 тагача мурожаат қабул қилинади. 2014 йилнинг 9 ойи мобайнида 200 дан ортиқ мурожаат келиб тушган ва уларнинг аксарияти ўз ечимини топган. Мурожаатлар таҳлил қилинганда, аксарияти тиббиёт ходимларидан малакали тиббий ёрдам сўраб, ногиронлик гуруҳи, дори-дармонлардан таъминлашдаамалий ёрдам сўраб ва айрим тиббиёт ходимларининг ўз вазифаларига масъулиятсизлиги ҳамда кўрсатилаётган тиббий ёрдамдан норозилиги ҳақида ёзилган мурожаатлар ташкил этмоқда.

М.Иноятов,  Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари:

Вазирликда 246-37-12 телефон рақамлари йўлга қўйилган. Фуқароларнинг мурожаатлари дам олиш кунларидан ташқари ҳар куни соат 9-00 дан 17-00 гача қабул қилинмоқда. Бир кун мобайнида 5 тадан 35 тагача мурожаатлар қабул қилинади. Вазирликка сўнгги 9 ой мобайнида фуқаролардан жами 836 та мурожаатлар келиб тушган, улардан 48 таси қондирилган.

Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Қонуннинг 18-моддасига кўра фуқароларнинг ариза ва шикоятлари бир ойгача бўлган муддат ичида, қўшимча ўрганиш ватекширишни талаб этмайдиган ариза ва шикоятлари  ўн беш кундан кечиктирмасдан кўриб чиқиш таъминланмоқда. Ҳукуматнинг My.gov.uz портали орқали ҳам мурожаатлар қабул қилинмоқда. 2014 йилнинг 9 ойи давомида фуқаролардан жами 512 та мурожаат  келиб тушган, улардан 11 таси қондирилган. Вазирликка кўпроқ “ўқишга кириш”, “ўқишни бошқа таълим муассасасига кўчириш”, “диплом хақиқийлигини тасдиқлаб бериш” ва “ишга жойлашиш” юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Д. Муллажонов, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги вазири ўринбосари:

Вазирликда фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари тўлақонли равишда кўриб чиқилиши таъминланади. Вазирликка жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 389 та фуқаро мурожаати келиб тушган, шундан 46 таси ҳукуматнинг Ягона портал орқали келган. Фуқаро мурожаатларидан 21 таси юзасидан чоралар кўрилган, 249 таси бўйича фуқаро билан тушунтириш ишлари олиб борилган, 19 та мурожаат рад этилган, 11 таси эса кўрилиш жараёнида. 89 та мурожаат тегишли идора ва ҳокимиятларга ҳамда вазирликнинг ҳудудий бошқармаларига кўриб чиқиш учун юборилган. Оғзаки мурожаатлар ҳам вазирлик эътиборидан четда қолмайди, ана шундай мурожаатлар сони 143 тани ташкил этиб, шундан 70 таси ижобий ҳал этилган, 69 таси тушунтирилган ва 4 таси кўриб чиқилмоқда.

Вазирликка қилинаётган мурожаатларнинг аксарияти кўпроқ вазирлик тасарруфидаги ўқишларга кириш, тикланиш, маданият ва санъат муассасалари фаолияти, маданий меърос объектлари, спорт клублари, федерациялари фаолияти хусусидадир.\

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:

2010 йилдан бошлаб вазирликнинг 241-23-73 рақамли ишонч телефони орқали фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш йўлга қўйилган. Бир кунда вазирликка ўртача учтагача мурожаат келиб тушади.

2014 йилнинг 9 ойида вазирликка 601 та ёзма мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 420 таси назоратга олинган. 133 таси юзасидан чоралар кўрилган.

Вазирлик интернет тармоғида Ягона интерактив Давлат хизматлари портали фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, фуқароларнинг портал орқали мурожаат этишлари йўлга қўйилган.

Мирафзал Мирзамахмудов,  Давлат солиқ қўмитаси Навбатчи қисм бошлиғи в.б.:

Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчилар билан бевосита алоқада бўлиш орқали уларнинг мурожаатларини ўрганиб бориш ва юзага келаётган муаммоларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Бу борада барча давлат солиқ хизмати органларида фаолият юритаётган «Ишонч телефон»лари солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатлари, солиқ тўловчилар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда самарали восита сифатида хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда «Ишонч телефон»ларига қилинаётган мурожаатларнинг аксарияти савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида савдо қоидаларининг бузилганлиги ҳамда тўловларни пластик карточкалари орқали амалга оширишда ҳисоб-китоб «Терминал» аппаратлари ишлатилмаётганлиги ва шу билан боғлиқ масалалар хусусидадир.

Жумладан, 2014 йил 1 октябрь ҳолатига давлат солиқ хизмати органларининг «Ишонч телефон»ларига қилинган фуқароларнинг мурожаатлари асосида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 1191 та ҳолатда жами 127831,8 минг сўм миқдорида назорат - касса машинасига кирим қилмаслик, 695 та тегишли ҳужжатларсиз маҳсулотлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш ҳамда 55 та бошқа солиқ қонунларини бузиш ҳолатлари аниқланди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан жазо қўлланилди.

Ягона интерактив портал аҳоли хизматида

Гувоҳи бўлганингиздек, юқоридаги давлат ҳокимият органларига бўлаётган мурожаатларнинг кўп қисми Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилган. Порталда фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш борасида қандай ишлар йўлга қўйилган. Бу ҳақда бизга Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича масъул ходими Шухрат Сатторов жавоб беради.

Бугунга қадар Ягона порталга 500 дан зиёд давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги маҳаллий ҳокимиятлар, жумладан шаҳар ва туман ҳокимликлари уланган. Бу орқали фуқароларнинг 63,1 мингдан зиёд мурожаатлари (шикоят, таклиф ва мурожаат) давлат органларига юборилган. Улардан 56302 (89 %) тасига ваколатли давлат идоралари томонидан муносабат билдирилган. Аҳоли мурожаатларининг 6788 11 %) таси кўриб чиқиш жараёнида. Порталимиз орқали юборилган мурожаатларга нисбатан давлат идораларининг муносабатлари аҳоли томонидан 5 баллик шкалада ўртача 3,5 балл билан баҳоланган.

Мазмуни жиҳатидан, йўлланган мурожаатларнинг аксарият қисми  давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти, турли мавзулар, коммунал хизматлар билан боғлиқ.

Энг кўп мурожаат қилинаётган давлат идоралари

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аҳоли энг кўп мурожаат йўллаётган давлат идоралари тўртлиги:

1. «Ўзархив» агентлиги;

2. ИИВ;

3. Адлия вазирлиги;

4. Тошкент шаҳри ҳокимлиги.

Ягона порталнинг Маълумотлар маркази (Call-center)нинг “1060” қисқа рақами орқали шу кунга қадар 7 мингдан зиёд аҳоли мурожаатлари қабул қилиниб, Марказ операторлари орқали аҳолининг 1200 дан зиёд мурожаатлари давлат идораларига йўлланган.

Лайло РУСТАМОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар