АсосийJamiyat

“Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” республика кўргазмаси очилди

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” республика кўргазмаси очилди, дея хабар бермоқда ЎзА. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Тадбир Президентимизнинг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилмоқда. Ярмарка Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари, мусаввирлари “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, қатор вазирлик ва идоралар, ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати ва ҳунармандлик ривожланиб, иқтисодиётимизнинг ушбу секторида фаолият юритаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бу борада яратилаётган шароит ва имкониятлар самарасида аксарият ёшлар ўз фаолиятини йўлга қўйиб, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда, турли хизматлар кўрсатаётир. Ҳудудий ва республика миқёсида ўтказиб келинаётган мазкур кўргазма ёшларимизнинг тажриба ва ютуқларини оммалаштириш, уларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка бўлган қизиқишини кучайтириш, ташаббускорлик, бунёдкорлик ва ижодий фаолиятини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. 

Кўргазманинг ҳудудий босқичларида 780 нафар ёшлар иштирок этди. Республика босқичида ҳар бир вилоятдан 35 ёшгача бўлган 4 нафар энг яхши тадбиркор, 2 нафар фермер ва бир нафар ҳунарманд қатнашмоқда.
Кўргазманинг очилишида ёшлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этилаётгани самарасида ўз иқтидор ва имкониятини намоён этаётгани, ташаббускорлиги, ишбилармонлиги, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётгани таъкидланди.
“Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” кўргазмасида янги лойиҳа ва хизмат турларини тақдим этадиган молия-банк муассасалари, консалтинг марказлари ва жамоат ташкилотлари фаолиятига бағишланган алоҳида стендлар ҳам ўрин олган. Кўргазманинг яна бир эътиборли жиҳати, ёш тадбиркорлар, ўз бизнесини энди йўлга қўяётган ёки режалаштираётган иштирокчилар учун фойдали ўқув-семинарлари ҳам ташкил этилмоқда.
Икки кунлик кўргазма якунида “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши ёш фермери”, “Йилнинг энг яхши ёш ҳунарманди” номинацияларида ғолиблар аниқланиб, диплом ва қимматли совғалар билан тақдирланади.   

 

    Бошқа янгиликлар