15 март куни Humo Arena муз саройи очилиш маросимида Шавкат Мирзиёев иштирок этади.
Таклиф қилинган меҳмонлар орасида, шунингдек ҳукумат ва парламент вакиллари, вилоят ҳокимлари, жамоатчилик ташкилотлари, маданият ва фан арбоблари, Ўзбекистоннинг етакчи спортчилари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда меҳрибонлик уйлари болалари бўлади.
Очилиш маросимининг асосий ғояси – қишги спорт турлари ҳамда муз саройи архитектурасининг уйғунлиги мавзуси бўлади. Асосий аренада ёзги ва қишги спорт турлари спортчилари ўз маҳоратларини намойиш этишади.
Тантанали очилиш маросимини лазер шоу ҳамда 3D анимация, "Щелкунчик" спектакли ва мусиқали шоу дастур давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, Хумо Арена қурилиши 2017йилда бошланган эди. Спорт мажмуасида хоккей, шорт-трек, фигурали учиш ва кёрлинг каби қишги спортлар бўйича мусобақалар ўтказиш, шунингдек, концерт, кўргазма ва форумлар ташкил қилиниши мумкин.
Хумо Арена 7 қаватдан иборат бўлиб, унинг умумий майдони 82 минг метр квадрат. Мажмуа 12 минг томошабинга мўлжалланган. Шунингдек у ерда 1600 ўринли автотураргоҳ бор.
Бино қурилишида 4 мингдан ортиқ ишчилар ишлаган, Германия, Россия, Австрия, Испания, Франция, Италия ва бошқа мамлакатлардан 10 дан ортиқ ҳамкор компаниялар жалб қилинган.
Humo Arena умумий қиймати - 1,5 триллион сўм бўлиб, ундан 185 миллион АҚШ доллари - хорижий инвестициялардир.






